Спорт | 23:10 / 25.11.2016
7824
2 дақиқада ўқилади

«Атлетико» мухлиси УЕФА ва Клаттенбургни ЕЧЛ финали учун судга берди

Мадриднинг «Атлетико» жамоаси мухлиси Хосе Антонио Кампон УЕФАни ЕЧЛнинг ўтган мавсуми финали учун судга берди. Бу ҳақда AS хабар тарқатган.

Ўтган мавсум финалида «Атлетико» «Реал» билан ўйнаганди. Ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча бўлимларда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган, ўйиндан кейин бошланган пенальтилар сериясида 5:3 ҳисобида «Қироллик клуби» ғалаба қозонганди. 

Кампоннинг ишонч билан айтишича, ўша ўйинда ҳакамлик қилган Марк Клаттенбург «Реал» ҳимоячиси Серхио Рамоснинг голини ҳисобга олиб, хато қарор чиқарган. Унинг фикрича, футболчи бу голни офсайддан урганди. 

Шу сабабли Кампон ўйин чиптаси учун сарфлаган 160 евроси компенсация сифатида қайтарилишини талаб қилади. У шунингдек, етказилган маънавий зарар учун 1500 евро сўрайди.

«Агар кинога борсангиз, лекин фильм овозсиз бўлса, сиз чипта учун тўлаган пулингизни албатта қайтариб олишингиз керак бўлади. Ўйинда хатоларга йўл қўйилганди. Серхио Рамоснинг офсайддан урилган голи ҳисобга олинганди. Мен шунчаки ўз фойдамни кўзлаётганим йўқ, балки дунё футболидаги вазият ўзгаришини истайман.

Мен шунинг учун судга мурожаат қилдимки, яқин вақт ичида футболда офсайдни аниқлашда ёрдам берадиган техник воситалар пайдо бўлсин. Бундай воситадан спортнинг бошқа турларида аллақачон фойдаланишмоқда. Бундай ҳакамлик хатолари ҳамиша кучсиз жамоаларга зарар келтирган.

Айнан шунинг учун биз ФИФАни ва ташкилот ходими Марк Клаттенбургни судга бердим», деган Кампоннинг адвокати.

Мавзуга оид