Жаҳон | 09:19 / 25.11.2016
5825
2 дақиқада ўқилади

Фийон президент Олланд юритаётган сиёсатни кескин танқид қилди

Фото: © RIA

Франция ҳукуматининг собиқ раисларидан бири, мамлакат президентлиги учун номзод Франсуа Фийон давлат раҳбари Франсуа Олланднинг Россияга юритаётган ташқи сиёсатини беъманиликка қиёслади ва уни ўзгартириш лозимлиги ҳақида сўз юритди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

«Франсуа Олланднинг тўрт ярим йилдан бери Россияга нисбатан олиб бораётган сиёсати бемаъниликдан бошқа нарса эмас, у Россияни яккаланиб қолишига ва ўжарлик, миллатчилик томон йўналтирмоқда. Россия эса дунёдаги энг йирик давлат, ядровий мамлакат ва у билан бундай муомала қилиш ярамайди», — деган Фийон сайловолди баҳсларида. 

Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, Париж Москва билан музокаралар даврасига ўтириши ва йўқотилган алоқаларни тиклаши лозим. 

«Халқаро сиёсатда Франция ўз манфаатларини ҳимоя қилишига ҳаракат қиламан. Албатта, альянсни алмаштириш Франция манфаатига зиддир. Биз АҚШ ҳамкоримиз, шу билан бирга, Россия эга бўлган қадриятларга ҳам эгамиз. Шунингдек, хавфсизлик соҳасида АҚШ иттифоқчиси ҳисобланамиз», — деган Фийон.

Дебатларда иштирок этган номзодлардан Франциянинг яна бир собиқ бош вазири Ален Жюппе Парижнинг жаҳон сиёсатидаги етакчилик ўрнини тиклашга ҳамда президент сифатида сайланса, Москва ва Вашингтондан бирини танлашга мажбур бўлмаслигига ваъда берган эди. 


 

Мавзуга оид