Жаҳон | 12:21 / 26.11.2016
40131
3 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов транспорт соҳасидаги Ўзбекистон позициясини маълум қилди

Фото: Kun.uz

Ашхабодда бўлиб ўтаётган Барқарор транспорт тараққиёти тизими бўйича биринчи халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов сўзга чиқди. 

У ўз маърузасида Биринчи президентимиз Ислом Каримов томонидан транспорт соҳасида амалга оширилган ишлар, ташаббусларга тўхталиб ўтар экан, айни вазифалар бугунги кунда Президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев томонидан давом эттирилаётганини таъкидлади.

Шу ўринда барқарор транспорт тизимини ривожлантиришдаги Ўзбекистоннинг позициясини айтиб ўтди.

Биринчидан, чуқур ўйланган, узоқни мўлжалланган миллий транспорт тизими лойиҳаларини ишлаб чиқиш. 

Бунда Ўзбекистон томонидан амалга оширилган бир қатор ишлар, хусусан Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон поезд йўлининг очилиши, поезд йўлларининг электрлаштириш кабиларни айтиб ўтди. Шу ўринда ушбу тизимни ривожлантириш муҳим стратегик йўналиш бўлиб қолишини таъкидлади.

Иккинчидан, ҳар бир давлатнинг транспорт тизими стратегияси минтақавий, глобал транспорт тизимлари билан мос келиши лозим. 

Бу борада Ўзбекистон томонидан сўнгги вақтда Ангрен-Поп темир йўлининг ишга туширилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан қуриб ишга туширилган Термиз-Мозоришариф темир йўлининг келгусида ривожлантирилиши Афғонистон иқтисодиёти ривожи учун катта хисса бўлиб қўшилиши таъкидланди. 

Учинчидан, Ўзбекистон Хитой билан Ипак йўли темир йўл қурилишини қўллаб-қувватлайди. Бу Шарқни Ғарб билан боғлашда муҳим аҳамиятга эга. 

Тўртинчидан,  Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг соҳадаги ташаббуслари ҳам  қўллаб-қувватланади. Шу ўринда Ашхабодда 2011 йил августида имзоланган Ўзбекистон-Туркманистон-Омон йўли лойиҳасини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилди. Шимолий йўналишда Қозоғистон, Россия, Украина орқали Болтиқ денгизига чиқиш масаласини ҳам ёдга олиб ўтди. 

Бешинчидан, йирик логистика марказларини ташкил этишни илгари сурамиз. Хусусан Навоий эркин иқтисодий зонаси мисолида бундай марказларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Олтинчидан, транспорт алоқаси хавфсизлигини таъминлаш соҳа ривожида долзарб аҳамиятга эга. Транспорт соҳасидаги ҳалокатлар, террорчилик хужумларини олдини олиш лозим.

Мавзуга оид