Инсон ҳуқуқларининг кафолатли ҳимояланиши
Истиқлол ғояларини изчил, оғишмай давом эттириш ва мустаҳкамлашни ўзининг энг муҳим бурчи, деб билган БИЗНИНГ НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ўз Сайловолди дастурида миллатлар-аро дўстлик ва фуқаролараро тотувликни сақлаш, ташқи сиёсатда ўзини оқлаган принциплар ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш, юртимиз хавфсизлигини, тинчлигини ва барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаган. Зеро, тинчлик ва осойишталик қарор топмаган жойда халқ фаровонлигини таъминлаб бўлмаганидек, қонун устуворлигига эришмай туриб ривожланган ва барқарор жамият барпо этиб бўлмаслиги тайин.
Сайловолди дастурида белгиланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий вазифаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга сўзсиз риоя этишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини, одил судловни амалга ошириш -фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадриятга айланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг энг муҳим омили бўлган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш борасида мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур ислоҳотлар замирида пировардида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий дахлсизлик ва одил судловга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, ҳокимият тармоқлари ўртасида мутаносиблик ва барқарор мувозанатга эришиш, жиноий ва маъмурий жазо тизимини изчил эркинлаштириш мақсади мужассамдир.
Партиямиздан кўрсатилган номзод суд-ҳуқуқ соҳасида ҳали-ҳануз кузатилаётган долзарб муаммоларни кўтариб чиқди. Жумладан, судда ишларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган сансалорлик ҳолатлари аниқ кўрсатиб ўтилди. Кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаганини, бундан ташқари, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асослангани ва адолатлилигини таъминлаш соҳасида маълум камчиликлар мавжудлигини қайд этди. Табиийки, бу муаммолар фуқароларнинг ҳақли равишда норозилигини келтириб чиқармоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага, Олий суд ва Адлия вазирлигига келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқлиги ҳам бунинг яққол далилидир.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев томонидан юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишнинг аниқ усуллари, соҳани янада ислоҳ этиш, фуқаролар ҳуқуқларининг ишонч¬ли ҳимоясини кучайтириш ҳамда одил судловни таъминлашнинг пухта ўйланган стратегияси таклиф этилди. Сайловолди дастурида судьяларнинг ваколат муддатларини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга та¬йинлаш таклиф этилмоқда. Бу қадам халқаро стандартларга тўлиқ мос келади ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига асосланган. Чунончи, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония каби тараққий этган мамлакатлар амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, судьяларнинг чинакам мустақиллигига эришиш учун уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, одил судлов фаолияти билан узоқ ва барқарор шуғулланиши учун имконият яратиш лозим.
Шунингдек, судларни янада ихтисослаштириш, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш вазифалари устувор ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг мавқеи ва ролини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Судларнинг мус¬тақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратиш мақсадида адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилмоқда.
Фақат қонун асосида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам ирода, юксак ахлоқий ва касбий фазилатларга эга судьялар корпусини шакллантириш, суд-тергов фаолиятига илғор илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай чораларни амалга ошириш нафақат суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, балки фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини ишончли кафолатлашга хизмат қилади.
Қолаверса, одил судловни кафолатлаш, судьяларнинг ваколатларини янада кенгайтириш, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаб, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган аниқ чоралар таклиф этилди. Вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инс¬танциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда. Партиямиздан номзод жиноят ишини қўшимча терговга юбориш амалиёти одил судловнинг моҳиятига мутлақо тўғри келмаслигини, суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини узил-кесил чиқариши кераклигини билдирди.
Бир сўз билан айтганда, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасидаги асосий вазифалар фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Бу, ўз навбатида, одил судловнинг муҳим шарти бўлган томонлар тенглиги принципини тўлиқ ишлатиш мақсадида адвокатура соҳасини ҳам ислоҳ қилишни назарда тутади.
Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, адвокат энг нуфузли, обрўли ва ишончли касб эгаси ҳисобланади. Миллий қонунчилигимизда ҳам адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган бўлса-да, амалиётда бу нормалар мутлақо ишламаётганини афсус билан қайд этишимиз лозим. Шу муносабат билан суд-тергов жараёнларида ва умуман суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатнинг ваколатларини кенгайтириш ва ролини янада кучайтириш бўйича қатор қўшимча ва самарали чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз – мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ¬бузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан иборат. Бу жараёнда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг профилактикаси самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
БИЗНИНГ НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ томонидан суд-ҳуқуқ соҳасига доир таклиф этилган ана шу ва бошқа демократик янгиликлар фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Уларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги бос-қичга кўтариш, фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг одил судловга ишончини юксалтиришга хизмат қилади.
Номзодимиз сайловолди дастури шиорларидан бири: “Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!”
Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деган фуқароларни БИЗНИНГ НОМЗОД – ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ учун овоз беришга чақирамиз.
O‘zLiDeP матбуот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида.
Мавзуга оид
17:49 / 03.11.2024
ЎзЛиДеП фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашувни қоралаб, баёнот берди
16:17 / 25.10.2024
Пойтахтда ЎзЛиДеПнинг оммавий тадбири бўлиб ўтди
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
11:30 / 19.10.2024