Спорт | 07:10 / 01.12.2016
14609
3 дақиқада ўқилади

Норвегча мот: Жаҳон шахмат тожининг соҳиби маълум бўлди

Фото: Shannon Stapleton / Reuters

Нью-Йоркда шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун бўлиб ўтган баҳс ниҳоясига етди. Жаҳон чемпиони унвонини, 30 ноябрь куни ўзининг 26 ёшини қаршилаган  норвегиялик Магнус Карлсен муносиб ҳимоя қила олди. 

Қайд этиш жоизки, 12 партиядан сўнг даъвогарларнинг иккисида ҳам бир хил имконият сақланиб қолган эди. Рақиблар 12та баҳснинг 10тасини дуранг натижа билан якунлашганди. Шахмат тожи учун кечган ва ҳал қилувчи бўлиши лозим бўлган охирги куч синашиш эса энг қисқаси бўлди. Шахматчилар 35-дақиқадан сўнг дурангга имзо чекишди. Россиялик ва норвегияликлар ўз муносабатларини тай-брейкда ҳал қиладиган бўлишди. 

Кўпчилик тай-брейк аввалида шахмат тожи соҳиби имкониятларини юқори баҳолашган бўлса, бошқа мутахассислар тай-брейкни қайсидир маънода лотереяга қиёслашди. 

Фото: Shannon Stapleton / Reuters

Россиялик гроссмейстер Карякин дастлаб оқ доналарда бошлади. Беллашув испанча партия бўлди. Баъзи ҳолларда Карлсен вақтдан унумли фойдаланиб, тезроқ юришга уринган бўлса ҳам 37-юришдан кейин дурангга имзо чекишди. 

Иккинчи тай брейкда оқ доналарни сурган Карлсен итальянча партияда ўйнашга қарор қилди. Муросасиз, аммо кўп жиҳатдан Карлсен устунлигида ўтган баҳс яна бир бор дуранг билан якунланди. 

Тўртинчи тай-брейк ҳал қилувчиси бўлди. Тўлиқ қуршовда қолган Карякин энг кескин дебютлардан бири – сицилияча ҳимояни қўллашга қарор қилди. Бундан ташқари, айрим юришлар учун беш дақиқа вақт сарфлаб, бу борада ҳам рақибига имкониятни бой бера бошлади. Карлсен эса аста-секинлик билан ўз позицияларини яхшилаб борди. Тай-брейк охирларига борганда даъвогар анчагина чарчагани сезилиб қолди. Тезкор шахматнинг тўртинчи партияси 40-юриши Карякин орзуларини чиппакка чиқарди. 

Таъкидлаш жоизки, шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги тарихда тўртинчи маротаба тай-брейкларда аниқланди. Дастлаб, 1998 йили россиялик Анатолий Карпов ҳиндистонлик Вишванатан Анандни мағлуб этганди. 2006 йилда яна бир россиялик шахмат устаси Владимир Крамник болгариялик Веселин Топаловни доғда қолдирди. 2012 йили Ананд белоруссиялик Борис Гельфанддан устун келганди. 

Карякин устидан ғалаба норвегиялик Карлсен учун учинчи жаҳон чемпионлигидир. 
Турнир мукофот жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади. У 60 га 40 нисбатида чемпион фойдасига тақсимланади. 

 

Мавзуга оид