Фан-техника | 17:56 / 03.12.2016
12947
2 дақиқада ўқилади

Автомобиль ҳаракатини ерости қувурларига кўчириш таклиф қилинмоқда

Лондон PLP Architecture компанияси автопилотли автомобиллар учун махсус ерости йўллар тизимини барпо этиш ғоясини илгари сурмоқда. Cartube деб аталувчи тармоқ шаҳар остида қувурсимон йўлларни барпо этишни назарда тутади. У тезюрар темир йўл қатновларидан ҳам самаралироқ бўлиши мумкин. 

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, Cartube электр мотор ва автопилот ўрнатилган автомобилларга мўлжалланган тор тоннеллардан иборат бўлади. Электрокарлардан фойдаланиш қувурларда ҳаво айланишини таъминлаш билан боғлиқ мураккабликларга чек қўйишга имкон беради. Муқобил ҳаракат эса ҳалокатлар ҳамда йўллар тўсилиб қолишининг олдини олади. 

Шу билан бирга, ерости тизимидаги автомобиллар шаҳар кўчаларидаги шахсий машиналар учун жамоат транспортига қараганда муқобил бўла олади. Тахминларга кўра, автопилотли электромобиллар ҳар бир мижозни белгиланган манзилига етказиб қўя олади. 

PLP Architecture компаниясининг уқдиришича, йирик шаҳарлар қаршисида кўчаларнинг ҳаддан ортиқ тирбандлиги каби муаммолар тобора кескин тус олмоқда, шу боис «ўзи ҳаракатланувчи» автомобилларнинг ерости тармоғи бу масалани ҳал этишда ёрдам беради. 

Лойиҳа муаллифлари, шунингдек, Cartube Лондонда барпо этилаётган Crossrail темирйўл тизимидан ҳам самаралироқ бўлишини айтишмоқда. Autocar нашрига интервью берган PLP Architecture тадқиқотлар бўлими раҳбари Ларс Хесселгреннинг таъкидлашича, Crossrail соатига 18 минг йўловчини таший олади. Cartube тармоғида автомобиллар соатига 65 км тезликда ҳаракатлана олади ҳамда бир соатда 40 минг кишини манзилига етказиши мумкин. 

Бироқ, ҳозирча, буларнинг барчаси лойиҳа. Компания уни ривожлантириш учун инвесторларни қидирмоқда. PLP Architecture тахминига кўра, лойиҳа беш йилдан сўнг, фойдаланиш учун тайёр бўлади. 

Мавзуга оид