Жаҳон | 22:47 / 06.12.2016
18629
2 дақиқада ўқилади

2016 йил сиёсий якунлари бир фотода: "фақатгина Меркель қолди"

Фото: White House/Public Domain

2016 йил 25 апрелда АҚШ президенти ва Италия, Германия, Франция ва Буюк Британия раҳбарлари Ганноверда G5 саммитида учрашиб, халқаро сиёсатнинг турли масалаларини муҳокама қилишган. 4 декабрда Италия бош вазири Маттео Ренци истеъфога кетишини эълон қилгандан кейин ўша тадбирдан олинган сурат жуда оммалашиб кетди, ОАВ эса уни "2016 йилдаги сиёсий тартибсизликнинг натижаси" деб номлади ҳамда шу 5 етакчидан фақатгина Ангела Меркелгина ўз лавозимида қолганини таъкидлаб ўтди. 

Суратда Германия канцлери Барак Обама, Франсуа Олланд, Дэвид Кэмерон ва Маттео Ренци қуршовида турибди. Mashable’да айтилишича, суратда кулимсираб тушган сиёсатчилар бир неча ойдан кейин уларни нима кутишини ҳали билмаганлар.

Июнда Буюк Британия аҳолиси мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши учун овоз берганидан кейин Кэмерон истеъфога кетди. Ноябрда эса АҚШда янги президент сайланди ва Барак Обама энди тарихга кетади. 1 декабрда Олланд 2017 йилда ўтадиган Франциядаги президентлик сайловларида иштирок этишдан воз кечди. 4 декабрда эса Италияда конституцион референдумдан кейин Ренци истъефога кетишини маълум қилди.

Ўша саммитдаги иштирокчилардан фақатгина Меркель ўз ўрнида қолиши мумкин: у 2017 йилда ўтадиган Германия канцлери сайловларига ўз номзодини қўйди. Агар у ғалаба қозонса, бу унинг ушбу лавозимдаги 4-муддати бўлади.

ОАВнинг таъкидлашича, бу сурат Ғарбни келгусида кутаётган ўзгаришларни тимсоллайди. Mashable нашрининг фикрича, 2016 йил "истеблишментга қарши" сиёсат борлигини кўрсатди ва Европанинг 4 та йирик давлати раҳбарларидан фақатгина Меркелни "сўнгги қолган ғарб етакчиси" деб аташ мумкин.

Ушбу сурат Ренци истеъфога кетгандан кейин ёдга олинган, бу сиёсатчилар биргаликда тушган ягона сурат эмас. Твиттерда шунингдек 2015 йил июнида Германияда G7 саммитида олинган сурат ҳам оммалашиб кетди.

Мавзуга оид