Ўзбекистон | 00:26 / 07.12.2016
19711
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди

Фото: © RIA

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан 2016 йил 6 декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Ражаб Тоййиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевни 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида  ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклади.

Давлат раҳбарлари давлатлараро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этдилар ва 18 ноябрда Самарқандда олий даражада ўтган Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги серқирра мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёр эканликларини таъкидлаб ўтдилар. 

Туркия раҳбари Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. 

Томонлар бугунги икки томонлама муносабатлар ўзбек ва турк халқларининг тарихи ҳамда маънавияти муштараклигининг мустаҳкам асосига таяниши ва ўзаро манфаатларга жавоб берадиган амалий натижаларга эришишни мақсад қилганини алоҳида таъкидладилар. 

Ўзбекистон билан Туркия шериклик муносабатларини иқтисодий, инвестицион-технологик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги улкан салоҳият инобатга олинган ҳолда, янги мазмун билан бойитиш тарафдори экани қайд этилди. 

Томонлар, ташқи сиёсат маҳкамалари, вазирликлар ва иқтисодий тузилмалар ўртасида алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдор. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Суҳбат чоғида Самарқандда ўтказилган учрашувда эришилган келишувларга мувофиқ Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муайян соҳалар белгиланди. 

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ўзаро расмий ташриф алмашишга келишиб олдилар ва шу муносабат билан манфаатдор вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Мавзуга оид