Жаҳон | 21:30 / 10.12.2016
6810
2 дақиқада ўқилади

Германия нима сабабдан Шенген ҳудудида чегара назоратини кучайтирмоқчи?

Германия ўзининг ташқи чегараларида назорат қилиш муддатини узайтиришга эришмоқчи. Бунга, махсус хизматлар маълумотларига кўра, қочқин кўринишида террорчиларнинг кириб келиши эҳтимоли сабаб қилиб кўрсатилган. Германияда чоп этиладиган Der Spiegel ҳафталиги шу ҳақда сўз юритмоқда. Нашр Брюсселдаги Европа мулозимлари кенгашларининг протоколларини ўргангач, шундай хулосага келмоқда. 

ГФР ички ишлар вазирлиги 2015 йил кузидан бери Австрия билан чегара назоратини ўрнатган эди. Бундан кўзланган мақсад, мамлакатга кириб келаётган муҳожирлар оқимини рўйхатга олиш ва уларнинг назоратсиз мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига йўл қўймаслик эди. Кейинчалик, Шенген ҳудудига кирувчи бошқа мамлакатлар ҳам Германиядан ўрнак олишди. 

Берлин маъмурияти чегаралардаги бу каби назоратларни муваққат мазмунга эга деб баҳолаган эди. Бироқ, унинг амал қилиш муддати бир неча марта узайтирилди ва сўнгги бор 2017 йил феврали деб белгиланди. Эндиликда, федератив республика бу муддатни яна узайтириш бўйича ваколат тақдим этишни сўраб Еврокомиссияга мурожаат қилган. 

Мюнхендаги Ifo иқтисодий тадқиқотлар ўтказиш институтининг маълум қилишича, Шенген ҳудудида чегара назорати Европа иқтисодиётига миллиардлаб зарар келтирмоқда. Шу сабабли, юк автомобиллар кўп вақтини чегараларда ўтказмоқда. Компанияларнинг логистика харажатлари ҳам ошмоқда. Бунинг натижасида маҳсулотлар таннархи кўтарилмоқда, ҳажми камаймоқда. Бундан ташқари, вужудга келган вазият сайёҳлик соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда, деб қайд этишган иқтисодчи-тадқиқотчилар. 

 

Мавзуга оид