Жаҳон | 08:20 / 19.12.2016
6447
2 дақиқада ўқилади

Туркия Кайсеридаги терактда ҳалок бўлган аскарлари билан видолашди

Фото: AA Photo

Туркиянинг Кайсери шаҳрида шанба куни ҳалок бўлган 14 аскар билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Daily Sabah нашри хабар берди

Марҳумларнинг барчаси 2000-йилларнинг бошида туғилган бўлиб, машъум кунда мажбурий ҳарбий хизматни ўтаётган бўлган. Кайсери шаҳридаги ҳарбий-ҳаво базасида ўтган видолашув маросимидан кейин ҳалок бўлган аскарлар танаси уларнинг она шаҳрига етказилган. 

Маросимда мамлакат бош вазири Бинали Йилдирим, Бош мухолифат  халқ партияси раиси Камол Қиличдор ўғли, Миллий ҳаракат партияси раиси Давлат Бахчели, бош вазир ўринбосарлари Нуриддин Чаникли ва Туғрул Туркеш, Буюк Иттифоқ партияси раиси Мустафо Дестичи, Ҳарбий денгиз кучлари қўмондони адмирал Булент Бўстон ўғли, Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал Обиддин Ўнал, Жандармерия қўмондони генерал Яшар Гулер ва ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари иштирок этишди. 

17 декабрь, шанба куни Туркиянинг Кайсери шаҳрида жойлашган университет яқинида автобус портлаган. Бунинг натижасида 14 нафар аскар ҳалок бўлган, 55 нафардан ортиқ киши жароҳат олган, маълум бўлишича, булардан 12 нафарининг жароҳати жиддий. 

Полиция мазкур теракт юзасидан 15 гумондорни қўлга олди. 

Ҳужумдан кейин Анқарадаги Президент қароргоҳида Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида шошилинч йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда сўзга чиққан давлат раҳбари терроризм ўчоқларининг йўқ қилиниши йўлида барча давлат ресурсларини ишга солишини таъкидлади. Шунингдек Эрдўған бундан аввал Бешиктошда содир этилган терактларни ҳам эслаб ўтди. 

Бундан ташқари, Туркия раҳбари бу ҳужумларнинг Ироқ ва Суриядаги ҳужумлардан фарқ қилмаслиги ҳамда терроризмга қарши курашда бирлашиш вақти келганини таъкидлади. 


 

Мавзуга оид