Жаҳон | 19:59 / 22.12.2016
8751
1 дақиқада ўқилади

Мосулдаги бозорда кучли портлаш рўй берди, кўплаб қурбонлар бор

Фото: REUTERS

Ироқнинг Мосул шаҳридаги бозорда рўй берган портлаш оқибатида камида 15 оддий фуқаро ва саккиз нафар полициячи ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазирлиги хабар берган, деб маълум қилди Associated Press ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

The Indian Express’нинг таъкидлашича, ичида портловчи моддалар ўрнатилган уч автомобиль портлаган.

Мосул икки йилдан ошиқроқ вақт давомида ИШИД жангарилари назоратида турибди. Шаҳарни озод қилиш бўйича ер устидаги ҳарбий амалиёт жорий йилнинг 17 октябрь куни бошланди. Унда Ироқ мунтазам армияси бўлинмалари, курд кўнгиллилар отрядлари ва кўнгиллилар тузилмалари иштирок этмоқда. АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция эса ҳаводан ҳужум қилиб, артиллерия ёрдамида кўмак бермоқда. 

Шаҳарга ҳужум қилаётган қўшинларнинг умумий сони 100 минг кишини ташкил этади. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, уларга тахминан беш минг жангари қаршилик кўрсатаётган бўлиши мумкин.
 

Мавзуга оид