Ўзбекистон | 15:33 / 22.12.2016
40142
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт бекатларидан биридаги ҳолат ёки “крутойлик белгиси”

Тошкентнинг бир қанча бекатларида автобуслар ҳаракати жадвали ва уларнинг аниқ етиб келиш вақти ҳақида хабар бериб турувчи маълумотлар таблоси ўрнатилганидан хабарингиз бор. Бундан ташқари, сўнгги вақтларда пойтахтдаги барча бекатлар ўзгача қиёфага кирди – янгидан қурилиб, замонавийлаштирилди. Буларнинг барчаси фуқаролар қулайлиги учун амалга оширилди. Аммо...

Баъзи бир юртдошларимиз эса бу янгиланишлардан роҳат қилиб фойдаланиш ўрнига, уларга зарар етказиш билан машғуллар назаримизда. Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Тошкент шаҳрининг Олой бозори ёнида барпо этилган янги, замонавий бекатдаги ҳолат тасвирланган фотосуратни тақдим этди. Унда мобил ускуналарни қувватлантиришга мўлжалланган мосламага зарар етказилганини кўриш мумкин.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳайрати ва ғазабига сабаб бўлди. Хусусан, улардан бири “Бунақа нарсаларни юлиш, эскидан қолган - скамейкаларни тепиб синдириш билан баробар - "крутой"лик белгиси ҳисобланади. Бошқа изоҳи йўқ, бўлмаган, бўлмайди ҳам...”, деб ёзган.

Шу ўринда махсус эслатмани ёдингизга солган бўлардик: Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси. Бекат мажмуалари ва ундаги барча қулайликлар фақатгина сизнинг манфаатингизни кўзлаб ўрнатилган. Умумий бойликларимизни эҳтиётлайлик. Вайрон этишга йўл қўймайлик!