Жаҳон | 23:16 / 30.12.2016
98304
6 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: 2016 йил қувончлари, ғамлари, ҳайратлари суратларда

Йил якунида Кун.уз 2016 йилнинг энг ёдда қолган воқеалари суратларини йиғди. Фотожамланмада Суриядаги уруш, АҚШдаги сайловлар, можаролар ва йилнинг энг кўп диққат марказида турган мавзуларига оид суратлар ўрин олган.

2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида вафот этди. У 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Ўзбек халқи чидамли, бардошли, сабрли элдир.

Бунга тарихнинг ўзи гувоҳ. Асрлар давомида пишиб мустаҳкамланган мазкур хислат дунёдаги бирор бир элатда, миллатда учрамайди. Буни ўз юртбошисидан айрилган ва буни улуғ сабот ила қарши олган ўзбекнинг юз ифодасидан англаш мумкин эди.

Халқини ҳуррият сари дадил етаклаб борган, қанчадан қанча ташвишли, бўҳронли кунларни бошидан ўтказган, ўзбек дея яшаган бу инсондан айрилиш ўзбек халқи учун осон бўлмади. Аммо юқорида айтиб ўтганимиз чиройли сабр ила миллат ўз отасини сўнгги манзилга муносиб кузатди.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 5 ноябрь куни оламдан ўтди. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, деб куйлаган ва бу саволига ўз диёрининг ҳар бир қаричидан жавоб излаган шоирнинг абадий оламга қилган саёҳати одамларнинг юрагини яна бир бор ларзага солди. Ўлимнинг ҳақлиги, уни оний лаҳзаларда ташриф буюриши ва ўз вазифасини астойдил амалга оширишига яна бир бор аён бўлди. Ҳа, ўзбек халқи 2016 йилда жуда оғир йўқотишларга учради, азиз бошларни азиз тупроққа қўйди. Элим деб, юртим деб яшаган яна қанчадан қанча фарзандлар бу дунёдан кўз юмди. Уларнинг хотираси ҳар сафар ёдга олинганда дил увишади, кўзда ёш ғилтиллайди. Аллоҳ уларнинг барчасини руҳларини шод, борар жойларини жаннатдан қилсин. Ортларида қолган фарзандлар, шогирдларга эса сабру жамил ато этсин.

Суриялик аёл Ҳалабдаги навбатдаги бомбардимондан омон чиқди.

АҚШ президенти Барак Обама ва унинг оиласи бортида бўлган самолёт Куба пойтахти – Ҳавана устидан учиб ўтмоқда. Бу АҚШ раҳбарининг мамлакатга сўнгги 88 йилдаги биринчи расмий ташрифидир. 20 март.

Дэвид Кэмерон Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиши ҳақидаги референдум натижалари эълон қилингач, оиласи билан Даунинг-стритдаги қароргоҳни тарк этмоқда. 13 июль.

Истанбулдаги Тақсим майдони. Туркияда жорий йилнинг июль ойида ҳарбий тўнтаришга уриниш рўй берди. Исён бир кечада бостирилди. Эрдўған ўз тарафдорларини кўчаларга чиқиб, озодлик учун курашишга чақирди ва омон қолди.

Претория, ЖАР. Паралимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Оскар Писториус таниши Рева Стенкампнинг қотиллиги юзасидан олиб борилган судда. У қотилликда айбланиб, 6 йилга қамалди.

Колумбиядаги авиаҳалокатда нобуд бўлган «Шапекоэнсе» клубининг мухлислари жамоа қароргоҳига ташриф буюриб, футболчилар хотирасини ёдга олишди.

Рим папаси Франциск фашистларнинг Освенцим лагери дарвозасидан кирмоқда. Фотосуратчи яхши кадр олишга муваффақ бўлган: Arbeit Macht Frei ёзуви фонида понтификнинг қайғуси янада самимийроқ кўринган.

Шимол ва Жануб. Олимпиада халқларни бирлаштиради.

"Сурия демократик кучлари"нинг аёллар батальони.

NASA астронавти Скотт Келли мевалар қуршовида. Америкалик ўз миссияси давомида космосда инсон организмидаги моддалар алмашинуви ҳодисасини тадқиқ қилди.

19 сентябрь куни Ҳолливуд актрисаси Анжелина Жоли ва Брэд Питт ажрашиш учун ариза топширди. Ажрашув сабаби номаълумлигича қолмоқда.

Хитойдаги Чэнду ҳайвонот боғида ташриф буюрувчиларга 23та панда боласи намойиш қилинди. Ҳайвонот боғида пандалар туғилиши бўйича рекорд.

Ироқлик аскар панада туриб ИШИДга қарши ҳарбий амалиёт вақтида жангариларни ўққа тутмоқда.

Олмаотадаги либослар кўргазмаси ҳафталиги вақтида қўлида автомат тутган моделлар саҳнага чиқиб келди.

5 ёшли Омран Дақниш Ҳалабдаги авиаударлардан кейин харобалар остидан олиб чиқилди. У Башар Асад режими жабрдийдаси сифатида машҳурлашди.

Надежда Савченко асирликдан қайтарилди. У шундан буён Украинанинг ўзига муаммо туғдириб келмоқда.

Трамп - Америка Қўшма Штатларининг янги президенти. 8 ноябрь

АҚШ раҳбари Барак Обама ва мамлакатнинг сайланган президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги суҳбатдан сўнг. 10 ноябрь.

Мао Цзэдуннинг 36 метрли ҳайкали Хитойнинг Тунсюй вилоятилик амалдорлар буйруғига кўра пайдо бўлди. Бироқ у бир неча кун ўтиб йўқ бўлиб қолган.

Йил бошида Мессининг афғонистонлик 5 ёшли мухлиси Муртазо Аҳмад кумири либосини целлофан халтадан ясаб олгач, машҳурлашди. Йил охирида у ўз кумири билан учрашди.

АҚШ президентлиги учун сайловда Демократлар партияси номзоди бўлган Ҳиллари Клинтон турмуш ўртоғи, мамлакатнинг собиқ президенти Билл Клинтонн билан тушлик вақтида.

Ўрта Ер денгизи йил давомида яна кўп кишиларни "ўз оғушига олди". Суратда грециялик қутқарувчи қочқин оила фарзандини сувдан олиб чиқмоқда.

Пальмирадаги Антик даврга мансуб амфитеатрда россияликлар оркестри концерт бермоқда. Шаҳар шу йилнинг 28 мартида ИШИДдан озод қилинганди.

Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловни отиб ўлдирган Мерт Олтинтош. 19 декабрь.

Мавзуга оид