Жамият | 09:10 / 30.12.2016
39178
10 дақиқада ўқилади

Саҳобалар пайғамбаримизни қандай севишарди?!

Оламларга раҳмат қилиб юборилган, анбиёю мурсалинлар хотами, башариятнинг энг улуғ вакили саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш ва у зотнинг муҳаббатини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйиш динимиз талабидир. Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам) шундай марҳамат қилганлар: «Бирортангиз, токи Мен унга отаси, боласи ва жамики инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўлолмайди» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Абдуллоҳ ибн Ҳишом (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) билан бирга эдик, У зот Умар (разияллоҳу анҳу)нинг қўлидан тутиб турардилар. Умар (разияллоҳу анҳу): «Ё Расулаллоҳ, Сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз», деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ундай бўлмайди (эй Умар!), токи, Мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар (разияллоҳу анҳу): «Аллоҳга қасамки, мана энди шундай бўлди. Энди Сиз менга ўз нафсимдан ҳам суюклироқ бўлдингиз», деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Ана энди (билдинг ва тўғри айтдинг) эй Умар», дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш ва севиш вожиб эканлигига далиллар жуда ҳам кўп. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир. Анас (разияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг шундай деганларини ривоят қилади: «Уч хил хислат борки, улар кимда (мужассам) бўлса, у киши иймон лаззатини топади: «Аллоҳ ва Унинг Расули унга улардан бошқа барча нарсалардан севимлироқ бўлса», «Ва бирор кишини яхши кўрадиган бўлса, фақат Аллоҳ учун яхши кўрса» ҳамда «Куфрга қайтишни оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш У зот билан жаннатларда бирга бўлишга сабаб бўлади. Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)дан қиёмат ҳақида сўраб: «Қиёмат соати қачон?», деди. Набий алайҳиссалом унга: «Қиёмат учун нима тайёрлагансан ўзи?» дедилар. У «Ҳеч нарса!», - деди – «Лекин, мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман». Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!», дедилар. Анас (разияллоҳу анҳу) айтадилар: «Биз ҳеч нарсадан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг мазкур «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!», деган сўзларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз». (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари)
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, инсон солиҳ зотларни ихлос билан яхши кўрадиган бўлса, гарчи улар каби амал қилолмаган бўлса ҳам қиёматда улар билан бирга бўлади. Зеро агар улардек амалда пешқадам бўлганда уларнинг бири бўлиб қолар ва муҳаббатнинг унга фойдаси тегмасди. 

Муҳаббат қалбларни бирлаштиради. Қалблар яқин бўлса, амаллар ўртасидаги тафовут қиёмат куни ўртадан кўтарилади. Шунинг учун ҳам бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам), бир инсон бир қавмни яхши кўрадию, лекин (амалда) уларга етиша олмаган. Шу киши ҳақида нима дейсиз?» деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Киши севганлари билан бирга бўлур». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари), деганлар.

Абу Зарр (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у киши (Пайғамбаримизга): «Ё Расулуллоҳ, бир киши бир қавмни яхши кўрадию лекин уларнинг амалидек амал қилолмайди?», деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Сен, эй Абу Зарр, албатта яхши кўрганларинг билан бирга бўласан», дедилар. Шунда Абу Зарр (разияллоҳу анҳу): «Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман», деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) яна: «Сен яхши кўрганларинг билан бўласан», дедилар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Дорамий ривоятлари).

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, қайси бир мусулмон Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни чин дилдан яхши кўрса, албатта, жаннатда У зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади.

Саҳобаи киромлар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ни қаттиқ яхши кўрганлар. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, У зотни ўзларидан ҳам кучлироқ яхши кўрганлар. У зотнинг муҳаббатини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйганлар. Тарих китоблари саҳобаи киромнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га нисбатан ақл бовар қилмас муҳаббатларига далолат қилувчи фидокорона ишлари билан тўлиб тошган. Улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)нинг чанқоғи

Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) ҳикоя қилади: «Мадинага ҳижрат қилаётган пайтимиз эди. Жуда ҳам ташна эдим. Сув қўшилган сут келтириб, уни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) га узатар эканман, «Ичинг ё Расулуллаҳ!», дедим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) уни ичдилар ва менинг чанқоғим босилди”. 

Изоҳ: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам) даврларида араблар янги соғилган сутга сув қўшиб ичишни яхши кўрардилар. Чунки, сув уни совутар ва мазасини ҳам ширинроқ бўлишига сабаб бўларди. Янги соғилган сутни иссиқ ҳолда ичишни хушламасдилар. 

Ушбу воқеада Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)нинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни қай даражада яхши кўргани, У зотга нисбатан нечоғли фидокорлиги намоён бўлади. Киши қай бир инсонни чин дилдан яхши кўрса, унинг эҳтёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Унга фойда етказишга, ундан зарарни даф қилишга ҳарис бўлади. 

Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) отасининг исломга келиши

Абу Бакр Сиддиқ (разияллоҳу анҳу) кекса отаси Абу Қуҳофани Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ҳузурларига Исломни қабул қилганлигини эълон қилиш учун олиб келганларида Абу Қуҳофа Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га қўлларини узатар экан, Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) йиғлаб юборадилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) бундан ҳайрон бўлиб: «Нега йиғлаяпсиз?», деб сўраганларида Абу Бакр Сиддиқ (разияллоҳу анҳу): «(Ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам), қанийди ҳозир, отамнинг қўли ўрнида амакингиз (Абу Толиб)нинг қўли бўлиб, у киши Исломга келган бўлса ва шу иш билан Аллоҳ Сизнинг кўзларингизни қувнатса, мана шу мен учун маҳбуброқ эди», дедилар («Ал-исоба»: 4/116; «Ал-канз»: 7/111).

Савбон (разияллоҳу анҳу)нинг ҳадиги

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) кун бўйи ходимлари Савбоннинг кўзига кўринмадилар. Охири, У киши келганларида Савбон: «Ё Расулаллоҳ, мени ёлғизлатиб, соғинтириб қўйдингиз», деди ва йиғлаб юборди. – «Шунга йиғлайсанми?!», дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам). – «Йўқ, эй Расулуллоҳ», деди Савбон (разияллоҳу анҳу), - «Лекин, мен жаннатдаги Сизнинг маконингиз ҳақида ўйладим, сўнг ўзимнинг маконим ҳақида ўйладим. Ва (Сиз билан битта маконда бўлолмайман, дея, Сиздан айро тушиб), ваҳшат ва ёлғизликка дучор бўлишим ҳақида ўйладим». Шунда мана бу оят нозил бўлди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар пайғамбарлар, сиддиқлар, шуҳадолар ва солиҳ кишилардан иборат – Аллоҳ инъомига сазовор бўлган зотлар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо сураси, 69-оят). 

Тўнканинг соғинчдан йиғлаши

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ўз масжидларида жума кунлари ҳали У кишига минбар тикланишидан олдин бир дарахт танасининг ёнида туриб, мавъиза қилардилар. Шунда саҳобалар хутба давомида У кишини кўриб туришлари осон бўларди. Пайғамбаримиз мазкур дарахт танасини ушлаб туриб, ваъз қилардилар. У кишига минбар қуриб берилгач, уни тарк этиб, минбарга чиқиб маъруза қиладиган бўлдилар. Бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) дан ажрагани учун бояги тўнканинг инграётганини эшитдик, дея ҳикоя қиладилар саҳобаи киромлар. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам) минбардан тушиб келиб, тўнкани олдига келдилар ва уни силар эканлар: «Шу ерга кўмилиб, сўнгра жаннатда мен билан бирга бўлишга розимасмисан?!», дедилар. Шундан сўнг тўнка тинчланди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ни яхши кўришда ҳеч бўлмаса бир қуриган дарахт танасичалик бўлайлик, зинҳор бу соҳада тўнка биздан устун бўлиб қолмасин!


Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

Мавзуга оид