Жамият | 21:06 / 04.01.2017
21395
1 дақиқада ўқилади

Метронинг Юнусобод йўналиши қачон қуриб битирилиши маълум қилинди

Тошкент метроси Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи 2017-2019 йилларда амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида қурилиши якунланмаган объектларнинг қиймати қайта баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда 2016 йил 1 октябрига 6,91 млрд сўмни ташкил қилади. 

Қиймати 124,8 млн долларлик лойиҳа Ўзбекистон Давлат бюджети (72 млн доллар) ва Ўзбекистон Республикаси реконструкция ва тараққиёт фонди (52,8 млн доллар) маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Фонд импорт қурилмалар ва бутловчи буюмлар сотиб олиниши, хорижий мутахассислар томонидан лойиҳавий ҳужжатлар экспертизасини ўтказиш учун хизматларнинг тўланиши, қурилишнинг техник назорати ва бошқалар учун кредит тақдим қилади.

Фонднинг кредити 4 йиллик имтиёзли давр билан 15 йиллик муддатга берилади. Кредит бўйича фоиз ставкаси йиллик 2,5 фоизни ташкил қилади.

Юнусобод йўналиши яна учта станцияга узайтирилади, уларнинг ишчи номлари "Файзулла Хўжаев", "Юнусобод" ва "Туркистон".

Мавзуга оид