Жаҳон | 20:48 / 07.01.2017
6926
1 дақиқада ўқилади

Бағдод Анқара билан Ироқ шимолидан турк ҳарбийларининг олиб чиқилиши бўйича келишиб олди

Анқара ўз қўшинларини Ироқнинг шимолидаги Башик ҳарбий базасидан олиб чиқиб кетиш бўйича Бағдод билан келишиб олди. Бу ҳақда 7 январда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Келишувга ал-Ободийнинг туркиялик ҳамкасби Бинали Йилдирим билан учрашувида эришилди. Келишув тафсилотлари ошкор қилинмаган.

Туркия Ироқ дахлсизлигини ҳурмат қилишга ваъда берган. Бундан ташқари, давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмасликка келишиб олганлар.

Турк ҳарбийларнинг Башикда ва Мўсул шаҳри яқинида жойлашгани 2015 йил декабрида маълум бўлган.

Туркиянинг ўшандаги бош вазири Аҳмет Довудўғлу Ироқда турк ҳарбийларининг жойлашуви Ироқнинг ҳудудий яхлитлигини бузмаслигини айтган. Унинг айтишича, Анқара аскарларини экстремистлар билан курашиш учун жўнатган. 

Бағдод эса бўлаётган воқеаларни Ироқнинг ички ишларига аралашув деб атаганди.

 

Мавзуга оид