Жаҳон | 17:17 / 12.01.2017
46885
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўзи учун қайси давлат билан муносабатлар энг муҳим эканини маълум қилди

Хитой давлат кенгаши АҚШ билан муносабатларни муҳимлик нуқтаи назаридан биринчи ўринга қўйди, Россия эса иккинчи поғона билан чекланди. Бу ҳақда “Хитойнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги стратегик ҳамкорлигига оид сиёсати” ҳужжатида айтилган, деб хабар қилмоқда “Коммерсантъ”.

Концепция муаллифларининг таъкидлашича, Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар “2015 йилдан буён барқарор бўлиб келди ва ҳаттоки баъзи бир жиҳатларда ривожланди”. Россия эса “энг йирик қўшни, стратегик шерик ва дипломатик устувор мамлакат” бўлиб қолган.

Хитой муносабатлар муҳимлиги бўйича учинчи ва тўртинчи ўринларга Ҳиндистон ва Японияни қўйди. Хабар қилинишича, улар борасида “анча нейтрал, бироқ ижобий тарзда” фикр билдирилган.

Хитой давлат кенгаши томонидан бундай ҳужжат тарихда илк бор чиқарилди. Унинг асосий низоми – тинч ҳолда ҳаёт кечириш принципларидан иборат. Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига ўзаро ҳамкорликдаги иқтисодий ривожланиш учун керакли шароитларни яратиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Хитой ўзининг барча шерикларига “совуқ уруш” менталитетидан воз кечиш, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишни” таклиф қилди.

Мавзуга оид