Жаҳон | 08:51 / 14.01.2017
21132
2 дақиқада ўқилади

Обама айрим давлатларга нисбатан ўзининг хайрлашув санкцияларини қабул қилди

АҚШ президенти Барак Обама Вашингтон маъмурияти томонидан Эрон ва Ливия, Яқин Шарқдаги террорчи гуруҳлар, Зимбабве ҳамда Венесуэлага нисбатан айрим санкцияларни ўз кучида қолдиришга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар қилган. 

Обаманинг Эронга нисбатан санкцияларни сақлаб қолиш бўйича қарорида айтилишича, гарчи расмий Теҳрон 2015 йилда Венада эришилган келишув (ядро дастурининг тинч моҳияти)га амал қилаётган бўлса-да, Эроннинг бошқа ҳаракатлари АҚШнинг "миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига таҳдид уйғотишда давом этмоқда".

Бундан ташқари, Барак Обама Ливияга нисбатан фавқулодда ҳолат тартибини сақлаб қолиш ҳамда ағдарилган Муаммар Қоззофий оила аъзолари ва ҳукумати вакилларига қарши Америка санкцияларини номаълум муддатгача узайтириш бўйича хулоса қилган. 

Расмий Вашингтон мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари бузилаётгани"ни важ қилиб, Венесуэла ҳукуматининг айрим вакилларига нисбатан санкцияларни ҳам ўз кучида қолдирган. Давлат раҳбарининг қарорида айтилишича, бу мамлакатда "сиёсий мухолифат таъқиб қилинади, матбуот чекланган, зўравонликлар қўлланилади". 

Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари Зимбабве ҳукумати аъзоларига нисбатан чекловларни ҳам сақлаб қолиш бўйича хулоса чиқарган. АҚШ раҳбари фикрича, улар Зимбабведаги демократик жараёнларга тўсиқ бўлмоқда. 

Барак Обама, шунингдек, Яқин Шарқ муаммосига тинч йўл билан барҳам бериш жараёнига раҳна солаётган террорчиларга нисбатан ҳам санкциялар муддатини узайтирган. 

Мавзуга оид