Иқтисодиёт | 15:25 / 15.01.2017
82054
5 дақиқада ўқилади

Фуқаролар, валютани топширинг!

Терактлар ва сиёсий беқарорлик турк лирасини янги минимумларга тушириб юборади. Йил бошидан буён лира долларга нисбатан 10 фоизга қадрсизланди - бу асосий валюталар орасидаги энг ёмон натижа

Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған фуқароларни хорижий валюталардан халос бўлишга чақириб, миллий мобилизацияни эълон қилди. 

Ҳафта якунларига кўра, лира 4,7 фоизга қадрсизланди - бу сўнгги саккиз ойдаги энг паст ҳафталик кўрсаткич (ҳозир 1 доллар 3,7 лирага тенг). Ўтган йилнинг июлида давлат тўнтарув ҳаракати бошланганидан буён лира ўз қийматининг бир чоракдан кўпини йўқотди. 

Ҳозирча Туркия Марказий банкининг (МБ) бу борада кўраётган чора-тадбирлари иш бермаяпти. Дастлаб миллий валюта қиймати пасайишини фоиз ставкаларни ошириш (7,5дан 8 фоизга) йўли билан тўхтатишга ҳаракат қилинди, бир кунлик фоиз ставкаси эса 2014 йилдан бери биринчи марта 8,25дан 8,5 фоизга кўтарилди. 13 январь, жума куни МБ яна бир чорани қўллади: 16 январдан банклараро қарз лимитларини 11 миллиард лирагача (2,93 миллиард доллар) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳам етарли эмас, Миллий банк яқин орада яна жараёнга аралашишига тўғри келади. "Президент Эрдўған ягона фоиз ставкаси кўтарилиши кутилмаётганини айтган бўлса-да, ўйлашимча, охир-оқибат шундай қилишига тўғри келади: ҳозирга келиб, лира АҚШ долларига нисбатан кунига 1-2 фоиздан йўқотмоқда ва бу - фожиа", - деди эксперт Кэтлин Брукс Британиянинг The Daily Star нашрига берган интервьюсида. 

Кетма-кет рўй бераётган терактлар вазиятни янада қийинлаштирмоқда. Ўтган йили Туркия ҳудудида 20дан ортиқ портлаш содир бўлди. Ҳатто Янги йил ҳам мамлакат учун 39 кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт билан бошланди. Шунингдек 5 январда Измир шаҳрида портлаган машина икки кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Пайшанба куни Эрдўған ўз нутқида террорчилар ва валютага эга фуқароларни тенглаштириб, бироз қизишиб кетди: "Қурол ва бомбали террорчи билан доллар ва евроли террорчи ўртасида фарқ йўқ". 

Жума куни эса, у бу борада бироз юмшади: "Мен ўз халқимни валютани ёстиқ остида сақламасликка, уни турк лирасига алмаштиришга чақираман". 

Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2016 йилда мамлакатнинг иқтисодий ўсиши 2,9 фоизга қисқарди, бироқ 2017 йилда, унинг баҳоларига кўра, ундан-да паст кўрсаткич қайд этилиши мумкин.

"Ўтган йили Туркия қийин даврни бошдан кечирди, - дея вазиятга изоҳ берди Unicredit'нинг Марказий ва Шарқий Европа бўйича бош иқтисодчиси Любомир Митов. - Бу мамлакатдаги кўплаб сиёсий ҳодисаларга боғлиқ бўлди: уриб туширилган самолёт ҳалокатидан кейин Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви, июль ойидаги давлат тўнтарув ҳаракати ва кетма-кет содир этилаётган террорчилик актлари", - деди у. 

Турк иқтисодиёти учун туризм катта аҳамиятга эга, бироқ Россия қирувчиси воқеасидан кейин Москва Туркияга амалга ошириладиган чартер рейсларни тўхтатди. Бу эса мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини кескин камайтирди. 

"2001 йилдан 2014 йилга қадар Туркиянинг туризм соҳасидаги даромадлари 34,3 миллиард долларга етганди. Истанбул сайёҳлар орасида энг машҳур йўналиш эди. Сайёҳлик бизнеси соҳасида 1 миллионга яқин киши фаолият юритарди, бу мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 7 фоизи демакдир", - дея хабар беради The Wall Street Journal. 

Дунёдаги энг йирик TUI Group туроператори ва Немис Туризм Ассоциациясининг таъкидлашича, 2016 йилги саёҳлар сони 2015 йилга нисбатан 40 фоизга тушган

WSJ'да ёзилишича, юзлаб меҳмонхоналар сотувга қўйилган. 

Валютанинг кескин тушиши конституцияга ўзгаришлар киритиш бўйича парламент музокаралари бошланишига тўғри келаётгани инвсеторларни хавотирга солмоқда. Мамлакатнинг ҳукмрон партияси 2017 йилнинг апрелида референдум ўтказиш имконини кўриб чиқмоқда. 

Туркия бош вазир ўринбосари Меҳмет Шимшекнинг ишонч билдиришича, ижрочи ҳукумат ислоҳоти мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади. The Financial Times'да ёзилишича, ҳукумат парламент бошқарув тизимидан президентлик тизимига ўтиб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ваколатларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. 

Бош вазир ўринбосари ислоҳотлардан ташқари, шунингдек Туркия ва Россия ўртасидаги геосиёсий муносабатларнинг муҳимлигини таъкидлади. 

Референдумда халқ қўллаб-қувватлаган тақдирда, давлат раҳбари, шубҳасиз, ўз позицияларини мустаҳкамлайди ва 2019 йилги президентлик сайловларидаги асосий номзодга айланади. Бироқ бу турк валютаси қадри ошишига ёрдам берадими ёки йўқ - номаълум. "Лира учун ижобий сценарий ўйлаб топиш қийин", - дейилади CNBC BofA Merrill Lynch's Vamvakidis'да.

Мавзуга оид