Ўзбекистон | 10:53 / 16.01.2017
79223
5 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: Давлат мулки талон-торож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак?

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва бир қатор соҳалардаги камчиликларга диққатни қаратди.

Хусусан, Президент Давлат рақобат қўмитасининг раисини кескин танқид қилди.

“Биз бугун Давлат рақобат қўмитасининг раиси Д.Ҳидоятовдан шахсан сиз ва қўмитанинг бўлинмалари хусусийлаштириш жараёнида пировард натижани нима учун назорат қилмайсиз ёки таъминламайсиз, деган саволга жавоб беришни қатъий талаб қилишга ҳақлимиз. 

Сиз нима учун ушбу муаммоларни амалда ҳал этиш ўрнига менга ўзингизнинг ҳеч қандай натижа бермаган ва бермайдиган хорижий хизмат сафарларингиз ва "тақдимот”ларингиз тўғрисида оғиз кўпиртириб ахборот берасиз? 

Бугун давлат бюджети ҳисобидан катта маблағларни харажат қилиб, хорижга хизмат сафарига бориб келаётган раҳбарлар ва ишчи гуруҳларидан сўрашга ҳақлимиз: қани сизлар оғиз тўлдириб, қоғозга чиройли қилиб ёзиб берган натижалар, қани инвестор ва инвестициялар? 

Сиз бу ишларга мутасадди давлат қўмитасининг раҳбари бўлиб, бундай натижаларни кимдан талаб қиляпсиз? Биргина Корея Республикасига корхоналарни сотамиз, инвестициялар олиб келамиз, деб ташкил этган бир нечта бизнес форумларингиз натижа бердими, қани ваъдалар? 

Агар сизлар хорижий сафарларга сарф қилган харажатларни ҳисоб-китоб қилсак, шу пулнинг ўзига иккита йирик корхонани сотиб олса бўларди. 

"Ноль" қиймати бўйича 1 минг 27 та объект сотилган. Албатта, бу яхши, бироқ нима учун уларнинг кўпчилиги, баъзиларини ҳисобга олмаганда, ишга туширилмаган ва вайрона ҳолида ётибди? 

Биз уларнинг ўрнига нимани ташкил этдик, қандай қувватлар ва ишлаб чиқаришлар барпо этилди, қанча одам иш билан банд? Нима учун сотилиши лозим бўлган 119 та акциядорлик жамиятидан фақат ярмининг 15 фоизлик улуши хорижий инвесторларга сотилган? 

Давлат мулки талон-тарож қилингани учун бугун ким шахсан жавоб бериши керак? Сўзсиз ва биринчи навбатда сиз, қўмита раиси сифатида жавоб беришингиз шарт. 

Сиз олдинги раҳбарларнинг хатоларини такрорлаб, сусткашлик қилиб ва фақат статистика билан шуғулланиб асосий бўғинни – мамлакатнинг ва халқнинг бойлигига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни бой беряпсиз. 

Сизга охирги марта, комплекс раҳбари ва Давлат маслаҳатчиси О.Муродов билан биргаликда, Олий Мажлис билан ўзаро ҳамкорликда 20 кун муддатда, биринчидан, ушбу муаммоли масалаларни бартараф этишни, иккинчидан, сотилган ва сотиб олинган давлат мулкининг ишламаслиги, ундан самарасиз фойдаланилгани ёки талон-тарож қилингани учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий мажбурият ва масъулиятини пухта ишлаб чиқишни назарда тутадиган комплекс аниқ чора-тадбирларни тақдим этишни топшираман”, - деди Президент.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Давлат статистика қўмитаси раҳбариятининг фаолиятида ҳам эскича ёндашувлар бартараф этилмаганини қайд этди. 

“Уларнинг иш усули, ҳисоб-китоблари ва маълумотлари амалий ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган камчилик ва муаммоларнинг сабабларини тўлиқ очиб бермаяпти”, - деди Ўзбекистон раҳбари.

“Охирги йилларда туризмдек муҳим соҳа комплекс раҳбарининг зарур даражадаги эътиборидан четда қолиб кетди. Бу хатони сўзсиз ва энг муҳими, натижали равишда тўғрилаш керак. Биз ҳозир фақат туризмни ривожлантириш билан шуғулланадиган тузилмага доир масалаларни тасдиқладик. 

Бу чоралар туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига қўшадиган ҳиссасини ошириш, тарихий ва маданий қадриятларимизни тарғиб қилиш, шунингдек, валюта захираларини тўлдириш бўйича аниқ чора-тадбирлар билан кучайтирилиши зарур. Бу вазифани ҳал қилиш учун 1 ой муддат берилади. 

Ушбу муаммолар кўп жиҳатдан вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликларнинг иқтисодий тузилмалари билан тизимли ишлар йўлга қўйилмагани натижасидир. 

Ахир, қачондир ва кимдир туроператорларнинг дардини эшитганми? Улар қандай масалалар билан шуғулланяпти, қандай муаммоларга тўқнаш келяпти? Уларга аниқ профессионал ёрдам кўрсатиш ҳақида умуман гапирмаса ҳам бўлади. Тақдим этилган ҳисоботларда зарур саволларга умуман жавоб йўқ. Биринчи – қанча одам меҳнат қиляпти? Иккинчи – ҳудудларда ислоҳотларни амалга ошириш бўйича муаммолар билан ким шуғулланяпти: менежерми ёки иқтисодиётдан умуман узоқ одамларми? Яна бир бор комплекс раҳбарига ушбу муаммо билан яқиндан шуғулланишни топшираман. Фақат энди талаб қаттиқ бўлади”, - таъкидлаб ўтди Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид