Ўзбекистон | 12:30 / 16.01.2017
28468
4 дақиқада ўқилади

Президент автомобилсозлик саноатидаги камчиликларга эътибор қаратди

Иллюстратив сурат

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва бир қатор соҳалардаги камчиликларга диққатни қаратди.

Хусусан, давлат раҳбари бош вазир, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси - Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари Улуғбек Розуқуловга ҳайфсан берди. 
 
“Бош вазир ўринбосари У.Розуқулов раҳбарлик қилаётган Машинасозлик комплексида юзага келган аҳвол бизни жиддий ташвишлантирмоқда.

Энг аввало, сиз раҳбарлик қилаётган автомобилсозлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми кейинги уч йилда 2,8 баробар камайган. Бу нафақат саноат маҳсулоти ўсиш суръатига, балки мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ўсишига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳада импорт ҳажми экспортдан бир неча баробар юқори бўлиб, маҳаллийлаштириш даражаси эса импортга нисбатан 20 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда.

Бутун қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизимини тубдан қайта қуриш таъминланмаган. Бу тизим ўз моҳиятига кўра нафақат қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва фермер хўжаликлари меҳнатини енгиллаштиришнинг мустаҳкам пойдевори, айни вақтда мамлакатимиз валюта балансини тўлдириш бўйича кафолатланган манба бўлиши керак эди.

Охирги йилларда шахсан сиз кадрлар билан ишлашни бўшаштириб юбордингиз. Сизнинг таклифингизга кўра «Ўзэлтехсаноат» компанияси раҳбари этиб Э.Иминов тайинланган эди. Бироқ унинг иш натижалари ва бутун тармоқдаги аҳвол қандай?

Кўпгина инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш чўзиб юборилмоқда. Ички бозоримизнинг кўплаб товарларга бўлган эҳтиёжи 50 фоиз даражасида ҳам қондирилмаяпти. Экспорт бўйича топшириқлар барбод қилинган.

Сиз ва компания раиси хорижий инвестиция ва замонавий ускуна олиб келиб, замонавий рақобатдош ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этганингизни мен эслай олмайман ҳам.

Сиз хусусий тадбиркорларнинг ўзи ташаббус кўрсатаётганидан қаноатланиб юрибсиз. Тармоқда эса ҳалигачазарур силжиш йўқ.

Сиз томонингиздан «Ўзстандарт» агентлиги раҳбарлигига тавсия қилинган А.Қурбонов номзоди ва унга нисбатан талабчанлик кўрсатилмагани туфайли соҳадааниқ иш ва якуний натижа бўлмади. Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг 21 минг стандартидан атиги 13 фоизи мамлакатимизда жорий этилган, холос.

Шунинг учун ҳам сиздан ва тармоқ раҳбарларидан бугун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беришингизни талаб қиламан:

биринчи – автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, унинг маҳсулотлари рақобатдошлигини, энг аввало, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар бозорларида ошириш бўйича принципиал жиҳатдан янги тизим зарур.

Бу борада мен «отвертка билан машина йиғиш» эмас, балки асосий ва ёрдамчи тармоқларни барқарор ривожлантириш, ортиқча харажатлар ва таннархни камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва импортни қисқартиришни назарда тутяпман;

иккинчи – аҳоли учун мақбул нархда турли маиший электр техника буюмларини ишлаб чиқаришни таъминлашимиз керак;

учинчи – ўтган йили биз «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича муҳим ҳужжатлар қабул қилдик. Савол: уларни муваффақиятли амалга ошириш ва бу ўта муҳим тармоқнинг барқарор иш юритишини таъминлаш бўйича сиз томонингиздан қандай аниқ чора-тадбирлар кўрилади?

тўртинчи – бутун стандартлаштириш тизимини тубдан қайта қуриш керак. Бундан кўзланган мақсад – мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар замонавий халқаро стандартларга жавоб бериши лозим”, - деди Ўзбекистон Президенти.
 

Мавзуга оид