Жаҳон | 18:55 / 19.01.2017
18699
2 дақиқада ўқилади

Теҳронда бино қулаб тушиши оқибатида камида 30 нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлди

Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида жойлашган бинода юзага келган ёнғин оқибатида камида 30 нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлди. Иншоот кейинчалик қулаб тушган, деб хабар берди Press TV маҳаллий телеканали.

Расмий манбалар маълумотига кўра, вайроналар остида 50-100 нафар инсон қолаётган бўлиши мумкин. Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келишган, улар итлар ёрдамида тирик қолганларни топишга ҳаракат қилмоқда. Эрон телевидениеси томонидан намойиш этилган кадрларда қулаган кўп қаватли бино ёнидаги иморат ҳам жиддий зарар кўргани тасвирланган.

Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Теҳрон ҳокими Балер Қолибоф ҳам ҳодиса юз берган жойга етиб келган.

Аввалроқ Tasnim агентлиги бинода юзага келган ёнғин туфайли 40 нафар ўт ўчирувчи жароҳат олгани ҳақида хабар берганди.

Маълумот учун, “”Пласко” савдо марказида ёнғин маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8 да чиққан. Олов бинонинг тўққизинчи қаватида юзага келган ҳамда мажмуанинг юқори қисмларига тезда тарқалган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш гуруҳлари 3,5 соат давомида уни ўчиришга ҳаракат қилишди. Ёнаётган бино 11:30 да қулаб тушди.

“Пласко” мажмуаси 1962 йилда қурилган бўлиб, Теҳроннинг энг баланд биноларидан бири ҳисобланарди. Савдо марказида кийим-кечак ва оёқ кийими сотиш билан шуғулланган кўплаб дўконлар бўлган.

Айни дамда вайроналарни тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Қайта ёнғин чиқиш хавфи бор. Шаҳар марказида кучли тутун туфайли автомобиллар ҳаракати мураккаблашган. 

 

Мавзуга оид