Жамият | 18:52 / 21.01.2017
24639
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда “осилиб қолган тери синдроми” билан оғриган 4 ёшли боланинг онаси ёрдам сўрамоқда

Остона шаҳрида тўрт ёшли Ернар Алибековнинг онаси шаҳар ҳокимиятидан уй-жой муаммосини ҳал этишда ёрдам кўрсатишни сўрамоқда, деб хабар берди Tengrinews.kz. Унинг ўғли камёб касалликка чалинган – “осилиб қолган тери синдроми”.

Зебинисо Тулебергенованинг сўзларига кўра, Ернар оддий чақалоқлар каби дунёга келган. Бироқ туғруқдан сўнг болага бир неча ташхис қўйишди, улар орасида “юрак касаллиги” ҳам бор. Аёл икки ойдан сўнг бола юзида терининг осилиб бораётганини пайқади. Шундан сўнг “қариш” жараёни Ернарнинг бутун танаси ва ҳаттоки организмида кузатилди. Ёш оила қиммат дориларни харид қилиши туфайли шаҳар чеккасидаги бир хонали хонадонга кўчиб ўтишга мажбур бўлди.

Чақалоқ бир ёшга тўлганда, унда бир қатор қўшимча касалликлар борлиги аниқланди. Ўшанда терининг осилиб қолиши янада кўпроқ намоён бўла бошлади. Бундан ташқари, боланинг ўпкасида ҳам камчиликлар аниқланди. Унга “ўпканинг икки томонлама фибрози”, “оғир даражадаги бронхиал астма” ва “гипотиреоз” ташхисларини қўйишди. 

"У тўрт йил давомда уч бора жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Ўғлим дунёга келганидан бери кўплаб дори-дармон харид қилишимизга тўғри келди, сабаби унинг иммунитети кучсиз ва кўплаб хасталиклари бор. Бир ойда тахминан 40-50 минг тенге сарфланади. Бироқ булар дори-дармонларнинг бир қисмига кетади. У ўзини яхши ҳис қилиши учун бир ҳафтага етадиган 74 минг тенгелик дори керак бўлади. Биз эса уни доимий равишда қабул қиламиз", - деди Зебинисо Тулебергенова.

Аёл 2016 йил декабрь ойи охирида ҳокимиятга бу қиммат дорини олишга ёрдам кўрсатишларини сўраб мурожаат қилди. У ерда эса жорий йилнинг январь ойи охирида жавоб қайтаришларини айтишган. Аёлнинг таъкидлашича, ўз фарзанди учун тўлақонли даволаш ишларини таъминлашни истайди. Бироқ, бола отаси маошининг бир қисми хонани ижарага олишга сарфланади. Шунинг учун у имтиёзли уй-жой олиш учун ёрдам кўрсатишларини сўраб шаҳар ҳокимиятига ариза берган.

"Биз 2014 йилдан бери навбатда турамиз ва у ҳеч келмаяпти. Ҳокимият бизнинг ҳолатимизни тўғри тушунган ҳолда ёрдам беришини истаймиз. Ўз хонадонимиз бўлса, фарзандимизни даволаш ишлари анча енгилроқ кечарди", - қўшимча қилди ёш она.

Унинг сўзларига кўра, касаллик сабабини аниқлаш ва уни даволаш учун Москва шаҳрида қиммат бўлган тиббий текширувдан ўтиш керак. Бироқ Тулебергенова ҳозирча буни амалга оширмоқчи эмас, сабаби маблағи йўқ. Аёл кўпроқ ўғлига бир ҳафтага етадиган дори воситаси учун 74 минг тенгени қаердан топиш ҳақида бош қотирмоқда. У бу мақсад учун Instagram’да саҳифа очган ҳамда шу орқали даволаш учун маблағ йиғишни мақсад қилди.

Мавзуга оид