Фан-техника | 21:08 / 07.02.2017
12520
5 дақиқада ўқилади

Акционерлар Цукербергга қарши: Facebook раҳбарининг истеъфоси кимга керак?

Фото: Reuters

Facebook акционерлар гуруҳи ижтимоий тармоқ ҳаммуассиси Марк Цукербергни компаниянинг директорлар кенгаши раиси лавозимидан туширишни таклиф қилди. VentureBeat порталига келиб тушган ҳужжатлар шундан далолат беради.

Акционерларнинг фикрича, "компания раҳбарларини яхшироқ назорат қилиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва акционерлар учун зарур тараққиёт дастурини белгилаш"га қодир мустақил шахс раҳбар лавозимини эгаллаши керак. ТАСС агентлиги ушбу мавзуда мақола тақдим этди.

Цукербергнинг истеъфоси кимга керак?

Цукербергни  бошқарув кенгаши раиси лавозимидан олиш таклифи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи SumOfUs ташкилоти аъзолари ҳисобланган акционерлардан келиб тушган. Бу бирлашма иқлимнинг ўзгариши, ишчилар ҳуқуқининг бузилиши, коррупция ва компанияда ҳукмронлик ўрнатиш каби муаммолар туфайли йирик корпорацияларни жавобгарликка чорловчи интернет ҳамжамияти сифатида фаолият юритади.

SumOfUs сармоя бозори маслаҳатчиси Лайза Линдслининг айтишича, Facebook'да корпоратив масъулиятни ошириш талаби ҳақидаги петицияни 333 мингга яқин киши имзолаган, улардан 1,5 минг нафари - ижтимоий тармоқнинг акционерлари. "SumOfUs'нинг тўрт аъзоси акциялари мазкур таклифни киритиш имконини берди", - дея қўшимча қилди у.

Facebook раҳбари нима учун акционерларга ёқмай қолди?

Facebook акционерлик капиталининг ўтган йили тасдиқланган янги тузилмаси акционерларнинг норозилигига сабаб бўлган. Бугунги кунга келиб, Цукерберг "А" тоифали 4 миллион ва "В" тоифали 419 миллион акцияга эгалик қилади - бу компаниянинг барча овоз берувчи акцияларининг 53,8 фоизи. "В" акциялари биржада савдо қилинмайди, уларнинг ҳар бири 10 овозни таъминлайди. "А" акциялари эса савдога қўйилади ва уларнинг ҳар бири - бир овозга тенг.

Икки йил аввал Цукерберг ўз акцияларининг 99 фоизини Chan Zuckerberg Initiative нотижорат хайрия ташкилотига топшириш истаги ҳақида маълум қилганди. Мазкур хайрия ташкилотига Марк ва унинг турмуш ўртоғи Присцилла Чан томонидан асос солинган. Шундай бўлса-да, Facebook раҳбари компания назоратини йўқотгиси келмади. Бунинг учун 2016 йилнинг апрелида учинчи — "C" турдаги 5,7 миллиард акцияни чиқаришга қарор қилинди. "С" тоифали икки акция "А" ва "В" тоифали битта акцияга алмаштириш мумкинлиги, лекин "С" тоифада овоз бериш ҳуқуқи бўлмаслиги тахмин қилинганди.

Акционерлик капиталининг бундай тузилмаси Цукербергга ўз ваъдасининг ("С" тоифали акциянинг 99 фоизидан воз кечиш ва бир вақтнинг ўзида компанияда овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолиш) устидан чиқишга имкон бериши керак эди. Бироқ янги тоифа қоғозларининг чиқарилиши натижасида қолган акционерларнинг овозлари "аҳамиятсиз" бўлиб қолди, яъни шундай ҳолат юзага келдики, акционерлар Facebook'ка эгалик қилиши мумкин, бироқ компаниянинг асосий масалалари бўйича қарор қабул қила олишмайди. "Шу тариқа, Цукерберг Facebook назоратини умрбод ўзида сақлаб қолади", - дейилади Forbes журналида. Ўз навбатида, TechCrunch'га кўра, акционерлик капиталининг янги тузилмаси  Цукербергга Facebook'ни тарк этмай, сиёсий карьера билан шуғулланишга имкон беради.

Янги акциялар чиқарилиши тасдиқланганидан кейин Facebook'нинг бир неча акционерлари корпорацияга қарши суд иши очишди. Уларнинг фикрича, Цукерберг компания назоратини ҳийла йўли билан сақлаб қолган. SumOfUs'да шу муаммога ишора қилиб, Цукербергни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига мустақил раисни тайинлаш - "барча акционерларнинг манфаатларини самарали ифодалаши"ни таъкидлашмоқда.

Facebook директорлар кенгашига Цукербергдан ташқари яна кимлар киради?

Бугунги кунда корпорация иттифоқига Сьюзен Десмонд Ҳелманн (Билл ва Мелинда Гейтслар фондининг ижрочи директори), Netflix ижрочи директори Рид Хэйстингс, АҚШ президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Эрскин Боулз, Netscape Communication корпорацияси ҳаммуассиси Марк Андриссен ва PayPal тўлов тизими асосчиси Питер Тиль киради.

Цукербергни истеъфога чиқаришнинг иложи борми?

Цукербергни директорлар кенгаши раиси лавозимидан тушириш таклифи аксарият акционерлар томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда ҳам, у бор-йўғи тавсия ҳисобланади. "99 фоиз акционер уни қўллаб-қувватлаши мумкин, лекин директорлар кенгаши унинг ижроси юзасидан юридик мажбуриятларга эга бўлмайди", - дейилади SumOfUs'да.

Бундан ташқари, Цукербергнинг истеъфоси ижтимоий тармоқнинг молиявий кўрсаткичларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуни таъкидлаш жоизки, бошқарув раиси лавозимида бош директорнинг борлиги - кенг тарқалган тажриба. Tesla, Bank of America, Walt Disney Company, IBM, Amazon, Netflix ва бошқа компанияларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади.

Компанияда ҳозирча акционерларнинг бу таклифи борасида ҳеч қандай изоҳ берилмади.

Мавзуга оид