Piaggio компанияси юкларни ташиш учун ақлли робот яратди
Италиянинг Piaggio компанияси икки томонида ғилдираги бўлган пуфак кўринишидаги мобил робот GITA’ни намойиш қилди. Қурилма ихтирочиларининг ғоясига кўра, у енгил юкларни, мисол учун, маҳсулотлар солинган пакетларни ташишда ёрдам беради.
Piaggio сайтида маълум қилинишича, GITA италянчасига "қисқа саёҳат" деганини англатади. Робот тўлиқ автоном бўлиб, 18 килограммгача оғирликдаги турли юкларни таший олади ва ўз эгаси ортидан соатига 35 км тезлик билан ҳаракатлана олади. GITA бу режимда ўзининг 3D-харитасини яратиш учун маълумотлар тўплайди. Шундан кейин "автоном" режимда у белгиланган жойлар бўйича ўзи ҳаракатлана олади, йўналиш тугагандан кейин ўзи мустақил равишда уйга қайта олади.
GITA тор эшик дарчаларидан ҳам ўта олади ва одамлар гавжум пиёдалар йўлкаларида ҳам ҳаракатлана олади. Қурилманинг яратувчилари робот оммалашгандан кейин, улар ҳудуд ҳақидаги маълумотларни бир-бири билан бўлишган ҳолда "карвон" бўлиб ҳаракатлана олишарига умид қилмоқдалар. Қурилманинг бир қувватланишда ишлаши 8 соатни ташкил қилади. Юклар хавфсизлиги нуқтаи назаридан, GITA қопқоғи қулфга ёпилади ва у 360 бурчакли камера билан жиҳозланган.
GITA Piaggio’нинг шўъба компанияси Past Forward’да ихтиро қилинган. GITA билан биргаликда унинг "катта оғаси" – KILO ҳам намойиш қилинди. Бу қурилма 100 кг юкни таший олади ва кичкина тракторга ўхшайди.
Piaggio GITA’нинг имкониятларини намойиш қилиш учун роботдан фойдаланишнинг турли сценарийлари намойиш қилинган бир нечта ролик чиқарган. Мисол учун, роликлардан бирида қурилма итни сайр қилдиради, бошқасида эса омборда ишчиларга ёрдам беради.
Қурилма ҳақида бошқа маълумотлар берилмаган.