Жаҳон | 20:28 / 10.02.2017
11210
2 дақиқада ўқилади

F-16 қирувчи самолётлари 2048 йилгача хизмат қилиши мумкинлиги айтилди

Фото: © wikipedia.org

F-16 қирувчи самолётлари 5-авлоддаги самолётлар билан етарлича тез алмаштирилмаяпти ва шу сабабли АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги уларнинг хизмат қилишини 2048 йилгача узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.  

Бу имконият юзлаб F-16’ларнинг хизмат қилиш муддатини 6000 минг парвоз соатига узайтиради. Бу эса бир двигателли қирувчи самолётларга яна 20 йил ва ундан ортиқроқ хизмат қилишга имкон беради, деб маълум қилди Popular mechanics нашри.

Айни вақтда АҚШ қўшинларида 1000 дан кўпроқ F-16 бор. Тахмин қилинишича, улар босқичма-босқич F-35 Lightning II қирувчи-бомбардимончи самолётлари билан алмаштириб борилади. Бу самолёт ягона ҳарбий ҳужум қилувчи самолёт дастури бўйича яратилган. Бироқ бу самолётларнинг яратилиши муддатлари мунтазам равишда чўзилмоқда ва бу F-16’нинг хизмат қилиш муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишга сабаб бўлган.

F-16 самолётини ишлаб чиқарган ва ҳозирда F-35’ни ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган Lockheed Martin компаниясининг таъкидлашича, F-16’га яхши қаралса ва таъмирланса, 2048 йилгача хизмат қила олади. Унда F-16 илк маротаба 1978 йилда пайдо бўлгани сабаб бу самолётларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари сафларида умумий хизмат қилиш муддати 80 йилни ташкил қилади.   

Эҳтимол, F-16’га бўлғусида ҳам хизмат кўрсатишга шартномани имзолаш ва бу самолётлар хизмат муддатини узайтириш F-35 лойиҳаси учун мунтазам танқид қилинаётган Lockheed Martin’нинг ёнини олишга уриниш бўлиши мумкин. Яқинда АҚШ президенти Дональд Трамп матбуот-анжуманда бешинчи авлоддаги F-35 самолётлари дастури масаласини кўтарган. Унинг айтишича, бу самолётлар 5-авлод самолётлари бўлсада, Boeing корпорациясининг 4-авлоддаги F/A-18 Super Hornet қирувчи самолётлари билан рақобатлаша олади.  

Мавзуга оид