Ўзбек иқтисодчиси дунёнинг энг кучли ёш иқтисодчилари рейтингидан жой олди
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилари рейтингидан жой олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Рўйхатнинг биринчи элликталигида Осиёдан фақатгина Япония, Ўзбекистон ва Ҳиндистон вакили жой олди. Рауфхон Салахўжаев 32-ўринни банд этди. Ҳали ўттиз ёшни қаршиламаган Рауфхон макроиқтисоддаги янги йўналиш «Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» бўйича тадқиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан. Илмий иши давлатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ этишга бағишланган. Рауфхоннинг 20 га яқин илмий мақоласи «Intelligence», «Kyklos», «Environmental Research» каби дунёнинг етакчи илмий журналларида чоп этилган, «Forbes» агентлиги, «National Policy» институти томонидан юқори баҳоланган.
Ёш иқтисодчи олим 2012 йили АҚШнинг «Fulbright» стипендияси ғолиби бўлиб, Нью-Йорк давлат университетида иқтисод магистри илмий даражасини олган. Ҳозир таълим даргоҳида муаллимлик қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим ҳамдир.
Рауфхон Салахўжаевнинг муваффақияти Тошкент Халқаро Вестминстер университети учун Лондон Иқтисод мактаби (Буюк Британия), Англия банки ва Браун университети каби нуфузли илмий марказлар қаторига киришга йўл очди.
Рейтинг RePEc (Research Papers in Economics) «Иқтисодиёт фанлари бўйича илмий мақолалар» ташкилоти томонидан тузилади, лойиҳани АҚШдаги Федерал резерв банки тадқиқотлар бўлими мувофиқлаштиради ва дунё бўйлаб 50 мингдан ортиқ иқтисодчилар фаолияти кузатиб борилади. RePEc мақолаларга келтирилган иқтибослар, чоп этилган журнал нуфузи каби категорияларга асосланиб, турли тоифалар бўйича энг яхши иқтисодчилар рейтингини тузади.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024