Жаҳон | 18:52 / 12.02.2017
35410
4 дақиқада ўқилади

Туркманистонда президентлик сайлови: Нима ўзгаради?

Фото: Getty Images

12 февраль, якшанба куни Туркманистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда - бу 1991 йил, яъни мамлакат мустақилликка эришгандан кейинги тўртинчи сайлов. Амалдаги президент 59 ёшли Гурбангули Бердимуҳаммедов учинчи муддатга ўз номзодини қўйди. BBC шу ҳақида мақола тақдим этди.

Сайловларда мухолифат номзодлари йўқ, мухолифатнинг ўзи бўлиниб кетган, унинг вакиллари - мамлакатдан ташқарида.

Яна саккиз номзод президентликка ўз номзодини қўйган. Таъкидлаш жоизки, улар кенг оммага нотаниш ва бунга қадар сиёсат билан шуғулланмаган.

Туркманистон улкан табиий газ захираларига эга мамлакат бўлиб, у Хитойга энг йирик газ етказиб берувчи ҳисобланади.

Президентнинг ваколати

Туркманистон - президентлик бошқарув шаклидаги  мамлакат, яъни президент - давлат раҳбари ва олий бош қўмондон. Аслида эса Гурбангули Бердимуҳаммедов деярли мутлоқ ҳокимиятга эга, парламент эса фақат техник функцияларни бажаради.

Президент барча даражадаги давлат ва ҳукумат амалдорларини тайинлайди ва уларни истеъфога чиқаради, вазирлар, олий судья ва бош прокурор ҳам шулар жумласига киради.

Бу сайловлар аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Мазкур сайловларда президент илк марта 7 йиллик муддатга сайланади (аввал 5 йиллик муддатга сайланган). Ўтган йилнинг сентябрида Бердимуҳаммедов мамлакат конституциясига ўзгаришлар киритди. Унга кўра, президентлик муддати икки йилга узайтирилди, шунингдек номзодлар учун 70 ёшгача бўлган ёшга доир чеклов олиб ташланди.

Сайловларда 9 номзод иштирок этмоқда, бу биринчи шундай ҳолатдир.

Бугунги кунда Туркманистонда газ нархининг пастлиги сабаб вазият мураккаб. Мухолифат ОАВ мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмовчилиги ҳақида хабар бермоқда, бу энергия ресурсларига бой мамлакат учун тушунарсиз вазият. Ҳукумат шунингдек озиқ-овқат дўконларидаги навбатлар ҳақида маълум қилаётган журналистлар ва интернет фойдаланувчиларини хуш кўрмайди.

Президентнинг рақиблари кимлар?

Туркманистоннинг уч партияси ҳам ўз номзодини қўйди. Ҳукмрон Демократик партия томонидан амалдаги президент номзоди қўйилган.

Аграр партия ўз фаолларидан бири - Дурдугилич Ўрозов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси эса - банк менежери Бекмурот Аталиев номзодини қўйди.

Яна олти номзод "ташаббускор гуруҳлар" томонидан қўйилди. Бу гуруҳлар вақтинчалик асосда яратилади, яъни ҳеч бир партияга кирмаган кишиларга сайловларда қатнашиш ҳуқуқи берилади. Улардан икки нафари - Жуманазар Аннаев ва Меретдурди Гурбанов, қолганлари эса - кимё, нефть ва аграр соҳаси ишчилари.

Уларнинг сиёсий платформалари ўхшаш, улар мамлакатнинг ҳозирги ички ва ташқи курсини қўллаб-қувватлашади.

Президент ўзининг сайлов олди платформасини 25 декабрда тақдим этди. У иқтисодиётни ривожлантириш ва диверсификация қилиш, кўпроқ ишчи ўринларини яратиш ва таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга ваъда берди, бироқ бу борада аниқ рақамлар ва муддатлар белгиланмади.

Ким сайланиши мумкин?

40 ёшдан ошган фуқаролар президентликка ўз номзодини тақдим этиши мумкин. Шунингдек номзодлар туркман тилини яхши билишлари ҳамда мамлакатда камида 15 йилдан бери яшаётган бўлиши лозим.

Аҳолининг 50 фоиздан ортиғи сайловда қатнашса, сайловлар бўлиб ўтган ҳисобланади. Ғалаба учун 50 фоиздан кўпроқ овоз тўпланиши керак, акс ҳолда иккинчи тур бошланади.

Кузатувчилар

3200 маҳаллий кузатувчи, шунингдек 31 январь куни мамлакатга етиб келган ЕХҲТ делегацияси сайловларни назорат қилади. Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, кузатувчилар сайлов жараёнларининг барча босқичларини эркин кузатишлари мумкин.

Мавзуга оид