Жаҳон | 18:55 / 13.02.2017
19410
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Туркиядаги элчисига суиқасд сурати йил сурати деб топилди

World Press Photo (WРР) халқаро танловининг ҳакамлар ҳайъати фотомукофотнинг 60-совриндорлари номини эълон қилишди. Бош мукофот Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловнинг қотили Мавлут Олтинтошни суратга олишга муваффақ бўлган Associated Press фотомухбири Бурхон Ўзбилижига насиб этди. 

Ўзбилижининг бу сурати «Туркиядаги суиқасд» деб номланган. Ушбу сурат, шунингдек, «энг яхши янгиликлар фотоси» номинациясида ҳам ғолиб бўлган.

Сурат 2016 йилнинг 19 декабрида замонавий санъат марказида, «Россия сайёҳлар кўз ўнгида» кўргазмасининг очилишида олинган. Ўшанда собиқ полициячи Мавлут Мерт Олтинтош 62 ёшли дипломатга қарата ўқ узганди. 

Декабрь ойида сурат муаллифи деярли тасодифан кўргазмага киргани ҳақида сўзлаб берганди. У Россия-Туркия муносабатларига оид материалларда янги суратлар  керак бўлиб қолишини ўйлаб, йўл-йўлакай кўргазмага кирган. Кўз ўнгида бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйилиши уни ҳам шокка туширган, бироқ у профессионал бурчи туфайли суратга олишдан тўхтамаган. 

«Бу жуда хавфли эди, қотил ўқ узиб бўлиши билан суратга олинган. Мендан совуқ тер чиқиб кетди. Аммо, шу билан бирга, бу тарихий лаҳзалар эканини, уни суратга жойлаш муҳимлигини тушуниб турардим», — деб ҳикоя қилган танлов ғолиби. 

Унинг айтишича, 30 йилга яқин вақтдан бери сураткашлик билан шуғулланар экан, журналистикани янада юқори савияга кўтариш учун муҳим ишни бажараётганига шубҳа қилмаган. 

Умуман, танловда 125 мамлакатдаги 5 мингга яқин профессионал фотосуратчилар олган 80 мингдан ортиқ сурат қатнашган. 

Мавзуга оид