Жамият | 14:55 / 14.02.2017
17473
3 дақиқада ўқилади

Жонидан ўзга вафодор топмаган шоҳ ва шоир

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Тарихчилар, олимлар ва адабиётшунослар томонидан шоҳ ва шоир шахсиятига хос қуйидаги етти фазилат доимо эътироф этиб келинган: ватанпарварлик, юксак ҳимматлилик, жасурлик, бошқарувда беназирлик, одамларга фаровонлик соғиниш, жангчилар кўнглига йўл топиш ва адолат қилмоқлик.

Бобурдан жуда кўплаб илмий, адабий мерос қолган. У лирик шеърлари ва тарихий «Бобурнома»сидан ташқари, ислом қонуншунослиги ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратган. 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган «Мубаййин» номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. «Хатти Бобурий» деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У, тажриба сифатида «Хатти Бобурий» алифбосида Қуръони Каримни кўчирган. Бобурнинг аруз вазни ва қофия масалаларига бағишланган «Муфассал» номли асари ҳам бўлганлиги маълум, бироқ бу асар бизгача етиб келмаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳикматларидан:

«Шафқатсиз киши азобга лойиқдир».
«Яхши кишиларни Яратган яхши дўстлар билан сийлайди».
«Кўпчилик баҳодирлар қанчалар кучли бўлмасинлар, улар ҳаргиз ўз жаҳллари ва қўрқувларидан устун кела олмайдилар».
«Кўнглингни динларнинг муҳокама майдонига айлантирма. Адолат ўрнатишда инсонларнинг эътиқодига чуқур ҳурматда бўл».

Мавзуга оид