Жаҳон | 19:18 / 15.02.2017
23732
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда ваҳима: “Ҳамма ёқни каламушлар босиб кетди”

Нью-Йорк маҳаллий ҳукумати шаҳар туманларидан бирида яшовчи фуқаро каламушлар томонидан тарқатилувчи лептоспироз юқумли касаллигидан вафот этгани туфайли фавқулодда йиғилиш ўтказади. У бугун, чоршанба кунига белгиланган. Бу ҳақда NBC New York телеканали хабар берди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, касаллик Бронкснинг яна икки нафар фуқаросида аниқланган, улар айни дамда бу хасталикни енгишга муваффақ бўлишган.

"Касаллик жиддий бўлиши мумкин, бироқ у антибиотиклар ёрдамида даволанади", - дея хабар берди соғлиқни сақлаш департаменти. Департамент ходимлари кемирувчилар билан кураш учун барча тегишли чораларни кўрмоқда.

Шифокорлар Бронкс аҳолисига каламушлар йиғилиши мумкин бўлган жойлардан узоқроқ юриш ва қўлларни яхшилаб ювишни маслаҳат беришди. Бироқ, маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бунинг иложи йўқ: ҳамма ёқда "каламушлар тиқилиб ётибди ва улар нафақат биноларда, балки поездлар ҳам улар билан тўла".

Таъкидланишича, ваҳима шу даражада каттаки, Қизил хоч ташкилоти тумандаги саккизта оилага вақтинчалик турар-жой тақдим этган.

Мавзуга оид