Ўзбекистон | 14:24 / 17.02.2017
18425
5 дақиқада ўқилади

Марғилонда сайёр қабулхона

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонаси институти фуқаролик жамиятининг ноёб модели бўлди. Аҳолининг ўзи яшаб турган жойдан Президентнинг ваколатли вакили орқали бевосита Давлат раҳбарига мурожаат қилиш, таклиф киритиш имконияти яратилди. Ҳали сиёсатчи, тарихчи ва тадқиқотчилар давлат қурилишидаги бундай илгари ҳеч қаерда учрамаган омил хақида ўз фикрларини айтарлар. Лекин барча даражадаги мулоқот имконияти ҳар қандай демократик тамойилнинг юксак кўринишига мосдир.

Марғилон шаҳрида сал кам уч юз минг аҳоли яшайди. Табиийки, халқ қабулхоналари орқали уларнинг ҳам у ёки бу муаммолари ҳал этилмоқда.

– Хизмат кўрсатиш, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари раҳбарлари эшиклари ҳам ҳамиша очиқ, - дейди “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раиси Турғунбой Нишонов. – Бундан ташқари, шаҳар прокурори Акмалхўжа Мавлонов ташаббуси билан сайёр қабулхона ҳам ташкил этилди.

Биз Марғилонга кеча, пайшанба куни келганимизда махсус жиҳозланган автобус Тошлоқтепа маҳалласига йўл олган экан. Унда шаҳарнинг прокурори, ИИБ бошлиғи, аҳолига хизмат кўрсатиш тармоқлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари бор эди. 

Катта залга йиғилган уч юз чоғли аҳоли билан дастлаб жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан ҳаётий мисоллар, қонуний ҳужжатларга асосланган самимий мулоқот бўлди.

- Мен Марғилонда баъзи сабабларга кўра икки йил бўлмадим. Келсам дадамдан қолган уйни синглим ўз номига расмийлаштириб олибди. Унинг менга тегишли қисмини қайтариб олиб берсангиз, - деб мурожаат қилди Н.исмли аёл (унинг шаънини ҳурмат қилган ҳолда исмини ошкор этмадик).

- Балки отангиз васият қилгандир? – саволга савол туғилди.

- Билмасам ...

Шу ерда иштирок этаётган кадастр, нотариал идора ходимлари аёл мурожаати моҳиятини ўрганиб масалага ойдинлик киритиш ва қонунийликни таъминлаш чораларини кўриш мажбуриятини олди.

- Кўчамизда сув тармоғи таъмирланаётган эди. 35 хўжалик ичимлик сувидан узиб қўйилди... 

Мўсожон ота Ниёзовнинг бу мурожаатига ҳам ҳуқуқий ечим бор экан. Прокурор шаҳарда таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар сувоқова идорасининг тоза ичимлик суви етказиб берадиган махсус автомашинаси ҳар куни шу кўчага келиб туришини ўз назоратига олди.

Уй–жой ажратиш, пластик карточка терминаллари етишмаслиги, ногиронларнинг ҳуқуқлари каби бир қатор саволларга қонун ва меъёрий ҳужжатлар асосида тушунтириш берилди.

- Илгари прокурор ким, мелиса бошлиғи ким танимас ҳам эдик. Мана энди улар халқ ичига кириб, уларни тинглаб, амалий ёрдам бериб юрибди. Бу ишлар ташкилотчиси давлатимиз раҳбарига раҳмат, - деди биз билан суҳбатда маҳалла оқсоқолларидан бири Абдулазиз ака Ўлмасов.

Дарҳақиқат, сайёр қабулхона учун энди иш бошланган эди.

- Марғилонда 56 та маҳалла бор. Прокурор сўровига кўра фаоллар ҳар бир кўчадаги бемор, ногирон аммо арзи бор шахсларни аниқлаб рўйхатга олди. Ташкил этилган сайёр қабулхона жадвал асосида маҳаллаларга бормоқда, - деб изоҳ берди бизга “Маҳалла” жамғармаси шаҳар бўлими раиси Муҳаммадали Исоқов.

Биринчи гуруҳ ногирони Мухторжон ота Абдусатторов аравача масаласида мурожаат қилмоқчи экан. Унинг хонадонига сайёр қабулхонанинг “кутилмаган” одамлари кутилган совғани олиб келганида отанинг кўзларига ёш келди. Дуога қўл очиб Ўзбекистонимизга тинчлик, равнақ, давлатимизга юксак нуфуз тилади.

Кам таъминланган Абдурасул Камолов хонадонини чақириб бориб “Халқ банки”нинг икки йиллик имтиёзли кредити асосида эмланган товуқлар ва дастлабки ҳафталарга етгулик озуқасини беришди.

- Товуқларнинг тухум туғиш даражаси 90 фоизни ташкил этади, - деди сайёр қабулхона вакили Муҳаммаджон Ҳамдамов. – Мана бу телефонларимиз. Бирон маслаҳат керак бўлса кеча-кундуз сўрайверасиз.

Хонадон соҳибаси Одина Камалова қувончини яшира олмади.

- Энди қўни-қўшнилар ҳам бозорга бормайдилар, тухум олгани...

Муқимжон отанинг икки ёшли набираси Муҳаммадтолип оғир касалликка чалинган экан.

- Буларни Аллоҳ етказди, бизга, - дейди отахон. – Зора набирам шифо топса...

Сайёр қабулхона бемор хонадонига дарҳол тегишли соҳа шифокорларини чақирди. Дастлабки хулосаларга кўра уни ихтисослашган клиникага ётқизиб даволашга қарор қилдилар.

Муҳаммадтолипнинг онаси Мақсудахон Жабборова умид билан шифокорларга эргашди.

Кун кеч бўлди. Лекин кўчаларда сайёр қабулхона келганини эшитган, кўрганлар хам уларга мурожаат қилаверар эдилар.

 

Kun.uz мухбири Муҳаммаджон Обидов

 

Мавзуга оид