Тошкентда 150дан ортиқ бир асрлик дарахтлар ноқонуний равишда кесиб олиб кетилди
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти (собиқ Шредер номидаги илмий тадқиқот институти) ҳудудида бир ой ичида 150 дан ортиқ бир асрлик дарахтлар кесиб олиниб, номаълум томонга олиб кетилди, деб ёзмоқда Nuz.uz нашри.
Нашрнинг хабар қилишича, уларга илмий-тадқиқот институтининг собиқ ишчиси мурожаат қилиб, қисқа вақт ичида институт ҳудудида оммавий равишда кўп йиллик чинор, эман, шумтол, ёнғоқ ва республикада ягона бўлган кофе дарахти кесиб ташланганини хабар қилган.
Гувоҳларнинг айтишича, дарахтларни кесиш январь ойи бошида бошланган бўлиб, бир ой давом этган. Нашр кесиш ишлари институт бош директори ташаббуси билан бошлангани ҳақида ёзган. Ҳар дам олиш кунлари институт ҳудудида кўплаб ишчилар ва техника ишлаган, аммо буни ҳеч ким пайқамаган. Институт ишчиларининг ўзи Президент қабулхонасига телефон қилишган ва “ўрмонни кесиб ташлашаётгани” ҳақида хабар беришган. Шикоят табиатни асраш қўмитасига юборилган. Кўрсатилган жойга чиққан текширув гуруҳи манзилни топа олмаган. Шундан сўнг ҳеч ким бунга эътибор бермаган.
Орадан бир қанча вақт ўтиб рўй бераётган ҳолат ҳақида “ветеранлар” – афсонавий институтнинг айни дамда нафақада бўлган собиқ ходимлари хабар топишган. Айнан улар бу билан кураш бошлашган. Тахминан 10 нафар фаол давлат раҳбари қабулхонасига коллектив шикоят юборишади ҳамда бир ой ичида илмий-тадқиқот институтида рўй берган нарсалар ҳақида батафсил маълумот беришган. Бу вақт давомида эса озмунча ишлар рўй бермади – турли тур ва ҳажмдаги 150га яқин дарахт кесиб ташланди. Юзлаб куб метр ўтин эса, институт ходимларининг сўзларига кўра, Андижон вилояти давлат рақамларига эга юк машиналарида олиб чиқиб кетилган.
Кавлаб олинган дарахт тўнкаларидан катта чуқурлар қолган. Кавланмаган тўнкалар фотосуратидан кесиб ташланган дарахтларнинг мутлақ соғлом бўлганини кўриш мумкин.
"Биз бундан жуда кеч хабар топдик. Улар барча дарахтларни аллақачон кесиб бўлишганди. Бу ерда энди фақат чуқур ва тўнкалар. Қандай азим дарахтлар эди, уларнинг баъзиларини Рихард Шредернинг ўзи, қолганини академик Маҳмуд Мирзаев ва бизлар ўз қўлимиз билан эккандик. Бу қонунбузарликка қарши ҳеч нарса қила олмаймиз. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва прокуратура ходимлари гўёки буларни кўришмаяпти", - дея кўзида ёш билан айтган институтнинг собиқ ходимларидан бири.
Воқеа жойига борган нашр мухбири ҳақиқатдан ҳам институт йўлаклари бўшаб қолгани ва ҳамма жойда чуқур ҳамда дарахт тўнкалари қолганини кўрган. Тўнкаси кавлаб олинган чуқур диаметри 2 метр бўлган дарахтнинг бўйи қанча бўлганкин? Саволлар кўп. Жавоблар ҳам ойдиндек: дарахтлар бор эди – энди эса йўқ. Албатта, уларни қайтариб бўлмайди, бироқ кимдир жавобгарликка тортилиши керак-ку.
Фаолларнинг сўзларига кўра, улар Президент қабулхонасига такроран мурожаат қилишган. Иккинчи бор шикоятга бошқача назар билан қараб, бу вазиятни ўрганишга киришишди. Экологларнинг тахминича, етказилган зарар – қарийб 57 миллион сўмга тенг. Аслида, етказилган зарарни ҳеч қандай йўл билан қоплаб бўлмайди, бироқ бозордаги ёғоч нархидан хабардор бўлган кишиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар миқдори экологлар томонидан айтилган суммадан 20 баробарга кўпроқ. Илмий тадқиқот институти раҳбариятининг билдиришича, ўтинлар Бекободдаги муҳтожларга юборилган. Бу ҳолат жуда қизиқ, чунки муҳтож оилаларни яқинроқдан ҳам топиш мумкин эди.
Илмий тадқиқот институтига кетаверишда йўл бўйлаб ўтинлар билан тўла машиналар турган. Бундай ўтинли бир юк машинасининг нархи – 600 минг сўм.
«Биз бўш келмаймиз ва охиригача борамиз! Талаб этилса, барча ташкилотларга учинчи, тўртинчи ва бешинчи марта ёзамиз. Мен шу ерда туғилдим – илмий тадқиқот институти ҳудудида уйимиз бўлган. Бу ерда менинг отам ишлади, институтдан кейин эса мен ҳам меҳнат қилдим. Мен учун бу институт худди иккинчи уйдек, мен эса ўз уйимни ҳимоя қиламан», - дея айтиб ўтди илмий-тадқиқот институтининг бошқа бир собиқ ходими.
Институт ишчиларининг айтишича, ИТИда ишлар у қадар яхши эмас: муассаса ўзини-ўзи қоплай олмаяпти, даромад келтирмаяпти, ходимлар эса тўрт ойдан бери маош олмаган. Туркистон тажриба станциясидан давлат даражадасидаги лойиҳага қадар бўлган йўлни босиб ўтган муассасадан айни дамда фақатгина номи қолган... ва дарвозалардаги белги.
«Ўз вақтида бир гектаридан 75 тонна лимон ҳосил олганмиз. Шароф Рашидовнинг ўзи илмий-тадқиқот институтига келиб, ҳар бир ишчининг қўлини сиққанди. Ўшанда биз Грузияни цитрус мевалар етиштириш бўйича ортда қолдиргандик. Ҳозир эса қандай аҳвол – бир неча интенсив боғлар ва хусусий шахслар томонидан ижарага олинувчи иссиқхоналар. Илмий тадқиқот институти обрўси жиддий даражада тушиб кетди», - деди яна бир институт ходими.
Умид қиламизки, вазият яхшилаб ўрганиб чиқилади ҳамда юзлаб олимларнинг ярим аср давомида қилган меҳнати натижасига бундай ваҳшийларча муносабатда бўлганларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024