Жамият | 23:20 / 23.02.2017
9140
2 дақиқада ўқилади

Тошкент молия институтида имконияти чекланган болаларга бағишлаб хайрия акцияси ўтказилди

Тошкент молия институтида 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида “Инсон – ҳаёт гултожи!” шиори остида хайрия акцияси ўтказилди. 

Акция доирасида “Бюджет ҳисоби ва давлат жамғармалари” факультети деканати ва талаба-ёшлари билан биргаликда пойтахтнинг бир қатор мурувват уйлари, имконияти чекланган ўқувчи-ёшлар таҳсил олувчи касб-ҳунар коллежлари ва ихтисослаштирилган мактабларга ташриф уюштирилди. 

Мазкур лойиҳанинг якуний босқичи Тошкент молия институтининг тадбирлар залида ўтказилди. Унга республика миқёсидаги мурувват уйлари тарбияланувчилари, заиф эшитувчилар ихтисослашган мактаб ўқувчилари, ҳамда имконияти чекланган ёшлар ихтисослашган касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ва тарбияланувчилари таклиф этилиб, концерт дастури ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий Академик Драма театри актрисаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Раънохон Ярашева ва актриса Дилноза Кубаева, Ўзбекистон Халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров, 2016 йилда Бразилияда бўлиб ўтган паролимпия ўйинларида спортнинг дзюдо тури бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритиб ғолиблик совринлари қаторига 2 та олтин медаль олиб келган спортчи Ўзбекистон ифтихори Ниғматов Ўткир Исматуллаевич ҳамда Намозов Шерзод Насимовичлар иштирок этдилар. 

“Инсон–ҳаёт гултожи!” шиори остидаги хайрия акцияси асосида имконияти чекланган ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақалари ва беллашувларда иштирок этиб юқори натижаларни қайд этган коллеж ёшлари  Тошкент молия институти томонидан махсус совғалар билан тақдирланди.

Мавзуга оид