Ўзбекистон | 10:50 / 01.03.2017
28188
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Муқимий—Бунёдкор чорраҳаси очилиши яна бир бор кечиктирилди

Тошкентнинг Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилиши муносабати билан 11 февраль куни ёпилган чорраҳа транспорт ҳаракати учун очилмаяпти. «Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, чорраҳанинг очилиш муддати 10 мартга қолдирилган.

«Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида йўл ўтказмаси қурилиши муносабати билан ёпилган чорраҳанинг транспорт ҳаракати учун очилиши 2017 йил 10 мартга кўчирилди. Тирбандликни келтириб чиқармаслик мақсадида, сизлардан қурилиш вақтида бошқа кўчалардан фойдаланишингизни сўраймиз», дейилган хабарда.

Унда шунингдек, юзага келтирилган ноқулайликлар учун узр сўралган.

Қайд этиш керакки, аввалига бу чорраҳа 23 февралгача ёпилгани маълум қилинганди. Аммо кейин унинг очилиш муддати 1 март кунига кўчирилди.

Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишувида, метронинг «Новза» бекати яқинида янги кўприк қурилиши 2016 йилнинг 16 сентябридан бошланган эди. Унинг умумий узунлиги 900, баландлиги 6 метрга тенг, 6 полосали йўлнинг кенглиги 24 метрни ташкил этади. Йўл ўтказгичнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Йўл ўтказгич Наврўз байрамида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид