Иқтисодиёт | 21:31 / 02.03.2017
15803
2 дақиқада ўқилади

Венесуэланинг бор-йўғи 10,5 миллиард доллари қолди

Фото: Reuters

Венесуэланинг бор-йўғи 10,5 миллиард доллар миқдоридаги олтин валюта захираси қолган. Бу ҳақида мамлакат Миллий банки маълумотларига таяниб, CNN Money хабар берди. Йил якунига қадар давлат турли қарзлари бўйича 7,5 миллиард доллар тўлаши керак.

Сўнгги бир неча йил давомида Венесуэла захираси барқарор қисқариб келмоқда. 2011 йилда у 30 миллиард долларни ташкил қилган. 2015 йилга келиб у 20 миллиардга камайган. Венесуэланинг пуллари қачон тугашини олдиндан айтиш қийин, дейилади нашрда. Шундай бўлган тақдирда, дефолт эълон қилиниши тахмин қилинмоқда. 

Қолган 10 миллиард пулдан 7,7 миллиарди олтинга жойланган.

Давлат нефть нархининг тушиши туфайли ўткир молиявий муаммоларни бошдан кечирмоқда. Ҳатто хом-ашё бир баррель учун 100 доллар бўлган вақтда ҳам Венесуэла бюджет томонидан режалаштирилган харажатларни қийинчилик билан таъминлаган. 

Нархлар тушганидан кейин вазият ёмонлашган. Хусусан импорт икки карра қисқарди, бу эса аксарият товарлар етишмовчилиги муаммосини келтириб чиқарди. Жорий йилда инфляция 1660 фоизга етиши кутилмоқда, 2018 йилда эса у 2880 фоизга кўпаяди. 

Нефть етказиб бериш Венесуэла экспортининг 90 фоизини ташкил қилади. Мамлакат дунёдаги энг йирик углеводородлар захирасига эга. 

Мавзуга оид