Спорт | 12:51 / 05.03.2017
23973
5 дақиқада ўқилади

Фотонигоҳ: «Uzbek Tigers»нинг 2017 йилдаги илк ғалабаси ва гуруҳдаги ҳолат

2017 йил 4 март куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида катта бокс кечасига старт берилди.

Жаҳон бокс серияси (WSB)нинг VII мавсум C гуруҳи 3-турида Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers жамоаси Россиянинг Patriot Boxing Team боксчиларига қарши баҳс олиб борди.

Кечанинг асосий қисми бошланишига бир соат қолганида «Ўзбекистон» спорт мажмуаси томошабинлар билан тўлиб улгурди.

Ҳа, бу ўша Бектемир Мелиқўзиев.  У биринчи президент Ислом Каримовга "мен албатта олимпиада чемпиони бўламан" дея ваъда берганди... Умид қиламизки,у Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиададан олтин медалсиз қайтмайди.

Ўзбекистоннинг янгиланган Uzbek Tigers жамоаси чиқиб келмоқда.

Шу куни спорт мажмуасида ОАВ вакиллари ҳам кам эмас эди.

Худди мактабдаги жисмоний тарбия дарсидаги "бўйма-бўй туриш" кетма-кетлиги.

Сиз ҳам эътибор бердингизми? Бу "ССР" ёзуви аслида жангдан олдин супервайзер томонидан қўйиладиган белги.

Ҳамма кутган бонг чалинди.

Мусобақа регламентига кўра, жамоаларнинг ҳар бир аъзоси рингда 3 дақиқадан 5 раунд ўтказишди. Рингга биринчи бўлиб 56 кг.гача бўлган вазн тоифасидаги боксчилар кўтарилишди. Uzbek Tigers жамоаси вакили Абдулҳай Шораҳматов Россия вакили Дмитрий Шарафутдиновга қарши жанг олиб борди.

Ҳакамларнинг якуний қарорига кўра, Абдулҳай Шораҳматов ғалаба қозонди3:0 (50:45, 50:45, 50:45)

Uzbek Tigers жамоаси жонкуяр мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов шу куни шогирдларининг ҳар бир жангида овози борича бутун вужуди билан ўзининг тўғри кўрсатмаларини бериб турди.

Рингга иккинчи бўлиб 64 кг вазн тоифасидаги боксчилар кўтарилишди. Uzbek Tigers жамоаси вакили Элнур Абдураимов Радмир Абдурахмоновга қарши жанг олиб борди. 

Элнур Абдураимовнинг Роналду услубида туриши.

Ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, Элнур Абдураимов ғалаба қозонди2:1 (48:47, 46:49, 49:46)

Бу вақтга келиб «Ўзбекистон» спорт мажмуасида юртимиз байроғи мухлислар орасида кўриниш берди.

Расмий ҳомий - "Ўзбекистон темир йўллари"

Танишинг, бўлғуси "олимпиада чемпиони" Исроил Мадримов. У 75 кг вазн тоифасида Patriot Boxing Team аъзоси Ражаб Ражабовга қарши жанг олиб борди ва кеча юлдузига айланди. 

Ҳакамлар қарорига кўра, Исроил Мадримов катта устунлик билан ғалаба қозонди3:0 (50:45, 50:45, 50:45)

Шу билан, кейинги жангларнинг натижаси қандай бўлишидан қатъи назар Uzbek Tigers ғалабаси таъминланди.

Бу вақтга келиб «Ўзбекистон» спорт мажмуасидаги байроқлар сони ҳам ортиб борди.

Кечанинг тўртинчи жанги 91 кг вазн тоифасида Зуҳриддин Маҳкамов ва Ислом Текеев ўртасида кечди. 

Ҳакамлар қарорига кўра яна Ўзбекистон вакили устун: 3:0 (50:45, 49:46, 50:45).

Ва ниҳоят ҳамма кутган сўнгги жанг ҳам бошланди.

Ҳасанбой Дўсматов 49 кг вазн тоифасида россиялик рақиби Батор Сагалуевга қарши рингга кўтарилди. Шу жойида "реклама": Боксчилар Nike ҳамда...

Buka брендидаги спорт либосларида ҳаракатланишди.

Танаффус пайтидаги ҳолат, муҳими "ички хотиржамлик"...

Ҳасанбой рақиби Батор Сагалуев билан.

Якунда кутилганидек Ҳасанбой Дўсматов Рио Олимпиадасидан кейин ўтказган илк расмий жангида ажойиб ғалабани қўлга киритди3:0 (50:43, 50:45, 50:45).

Якуний ҳисоб 5:0 – Uzbek Tigers фойдасига.

Тошкентда эришилган ишончли ғалабага қарамай, Uzbek Tigers 3 очко билан ҳозирча охирги – 4-ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси 9 очко билан яққол пешқадам, Patriot Boxing Team 4 очко билан 2-ўринда.

Хитойлик боксчилар ўзаро жангларда Uzbek Tigers’дан устун келгани учун Ўзбекистон жамоасидан юқорида, 3-ўринда жойлашган.

Foto: WSB

Uzbek Tigers гуруҳ босқичи 4-тур беллашувларини 18 март куни Тошкентда China Dragons’га қарши ўтказади. Astana Arlans Қозоғистонда Patriot Boxing Team жамоаси вакилларини қабул қилади.

Мавзуга оид