Жамият | 18:55 / 09.03.2017
24997
16 дақиқада ўқилади

«Электрон ҳукумат» — халқ билан мулоқотнинг замонавий механизми

Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши жамиятда кечаётган жараёнларга ижобий таъсир кўрсатиб, ислоҳотлар самарадорлигини оширади, аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилади, янгидан-янги имкониятлар эшигини очади. Шу нуқтаи назардан айтганда, бугун “Электрон ҳукумат” деган тушунча кундалик турмушимиздан чуқур ўрин эгалламоқда. Гарчи республикамиз аҳолисининг ҳаммаси ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлмаса-да, вақт ўтиши билан ушбу тизим жамият ҳаётининг бутун жабҳасини қамраб олишини дунё тажрибаси кўрсатаяпти.

Таъкидлаш жоизки, “Электрон ҳукумат” атамасини анъанавий ҳукумат тушунчаси билан адаштирмаслик лозим. Моҳиятига кўра, мазкур тизим мамлакат миқ­ёсида маъмурий тартиб-­таомилларни автоматлаштиради, давлат бошқаруви ­самарадорлигини оширишга ҳамда ортиқча сарф-харажатларнинг ­қисқаришига ­замин яратади.

Имкониятларни кенгайтириш — асосий мақсад

Электрон ҳукумат фао­лияти уч йўналишда белгиланган. Яъни ­“давлат — ­давлат”, “давлат — бизнес” ва ­“давлат — фуқаро” йўналишларини қамраб олади. Бу тизим ­идоралараро даражада ­давлат муассасалари ўртасида ахборот алмашиш самарадорлигини ҳамда жой­ларда режалаштириш ва ­бошқарувнинг сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг этиб бориш ҳамда унга таъсир ­кўр­сатиш имконини беради. Давлат ва бизнес муносабатларида эса маъмурий тартиб-таомиллар ав­томат­лашти­рилади. Натижада бизнесни рўйхатга олиш, солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини, божхона декларацияларини топширишда тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалади. Электрон ҳукумат халқ билан мулоқот учун қў­шимча механизм­ларни ­яратиш, ­давлат органлари ­фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, ижро ­интизомини ­янада мус­таҳ­кам­лайди.

Айтиш керакки, давлат бошқаруви тизимига “ягона дарча” тамойилини жорий қилиш ҳам устувор вазифалардан саналади. 2013 йили мамлакатимизда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди. Жорий йилнинг март ойига келиб эса ушбу порталда 308 та электрон хизмат жорий этилди. Бунда хизматлар ахборот (офлайн), яримавтомат, автоматлаштирилган ва интерактив кўринишларда тақдим қилинаяпти. Портал Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, ID.UZ идентификация тизими, Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ахборот тизимлари ҳамда ресурсларига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими портали (https://regulation.gov.uz)га ҳамда “Тадбиркорлик” тизимига уланган. Ҳозирги кунда “ягона дарча” ахборот тизими, ягона идентификациялаш ахборот тизимига интеграциялаш бўйича ишлар олиб борилаяпти.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталига келиб тушган мурожаатлар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, улар сони миллиондан ошди. Яна бир жиҳати, кейинги пайтда порталда интерактив давлат хизматлари сони орт­гани ҳам мурожаатлар кўпайишига ­туртки бўлди. Бугунги кунда 2400 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, идоралар ҳузуридаги тузилмалар ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон хизмат тақдим қилиб келаяпти.

Хорижда бу қандай йўлга қўйилган?

Бугунги кунда электрон ҳукумат тизими Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Норвегия, Канада, Нидерландия, Дания ҳамда Германия сингари мамлакатларда самарадорлигини кўрсатмоқда. Ушбу мамлакатларда жуда кўплаб давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда, онлайн режимида фойдаланиш мумкин. Давлат органларига сўровларга жавоблар, турли тўловлар, расмий ҳужжатларнинг намунасини олиш, уларни тўлдириш, электрон имзо билан юбориш, олий ўқув юртларида масофадан туриб таҳсил олиш, ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат этиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Масалан, Жанубий Кореяда шахслар расмий сайт орқали ўзининг мурожаати кўриб чиқилиши қайси ­босқичда эканлигини кузатиб бориши мумкин.

Ҳукумат — ҳаракатда

Ҳар қандай мамлакатда миллий маълумотлар базаси ҳамда электрон реестрлар электрон ҳукумат фаолиятининг асосий жиҳатлари ҳисобланади. Бу механизмлар жисмоний ва юридик шахслар, автомобиль транспорти, кўчмас мулк, давлат хизматлари тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш имконини беради. Шуни билдириб ўтиш керакки, юртимизда мазкур маълумотларнинг марказлашган ҳолда сақланишини таъминлаш “Ўзинфоком” зиммасига юклатилган.

Мамлакатимизда миллий ахборот тизимларини ривожлантириш доирасида олтита маълумот базаси ҳамда 12 та ахборот тизимлари мажмуи яратилмоқда. Дейлик, “Солиқ” ахборот тизимлари мажмуи 10 та дастурий маҳсулот ва 31 автоматлаштирилган тизимдан ­иборат. Унинг ишга туширилиши натижасида Давлат солиқ қўмитасининг 31 хизматини электронлаштириш мумкин бўлади. Бундан ташқари, “Клиринг”, “Харид”, “Бюджет”, “Божхона”, “Лицензия” ҳамда “Адлия” сингари ахборот тизимлари мажмуи ҳам мавжуд бўлиб, улар муайян соҳада маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш ҳамда хизматларнинг бир қисмини электронлаштиришга шароит яратмоқда. Қолаверса, “Соғлиқни сақлаш”, “Таълим”, “Коммунал” тизимларини ҳаётга татбиқ этиш арафасида турилибди. Яқин йилларда эса “Адлия-2”, “Нафақа” ва “Давлат ­бошқаруви” тизимларини ишлаб чиқиш режалаштирилаяпти. 2016 йилда тегишли маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ишлар якунига етказилди. “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш” ҳамда Миллий геоахборот тизимлари борасида ҳали нуқта қўйилмади.

Бугун Ўзбекистонда хўжалик субъект­ларининг барча турдаги солиқ ва статистика ҳисоботлари электрон шаклда топширилмоқда, товарларни декларациялаш ҳамда экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш ҳам электрон шаклга ўтказилган.

Соҳадаги яна бир муҳим янгилик. 2015 йилда Очиқ маълумотлар портали ишга туширилди. Дастлабки босқичда унда 8 та ташкилотдан 80 турдаги маълумот жойлаштирилган бўлса, бугунги кунда мазкур порталда 120 та ташкилотнинг 2216 хилдаги ахбороти ўрин олган. Бу ахборотлар иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва бош­қа долзарб соҳаларга тааллуқлидир.

Қолаверса, 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурига мувофиқ, электрон ҳукуматнинг самарали фаолият юритиши учун юқори тезликдаги телекоммуникация инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, 2020 йилга қадар интернет каналларининг ўтказувчанлик қобилиятини янада кенгайтириш, кенг полосали тармоқларни, айниқса, олис туманларда ривожлантириш бўйича 17 та йирик лойиҳанинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 2020 йилгача ­фуқароларнинг давлат органлари билан электрон мулоқотини таъминлаш ҳамда ривожлантириш бўйича 22 та лойиҳа рўёбга чиқарилади.

Бизнес учун қулай

Электрон ҳукуматни тараққий топтиришга қаратилаётган эътибор юртимизда ишбилармонлик муҳитининг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишида ўз ифодасини топмоқда. Мисол учун, Жаҳон банкининг “Doing business” рейтингида сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг умумий рейтинги бизнес юритиш бўйича 150-ўриндан 87-ўринга кўтарилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида, жумладан, белгиланган тартиб-таомилларни бузганлик учун шикоят билдириш, тадбиркорни мурожаат қилувчининг мобиль телефон рақами орқали идентификация қилиш мақсадида рўйхатга олиш, муҳандислик-коммуникация технологияларига уланиш учун ариза бериш, тадбиркорлик субъектларига ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиль транспорти воситаларини харид этиш учун ариза бериш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш мақсадида аризани расмийлаштириш сингари хизматлар жорий қилинган.

2014 йилдан бошлаб экспорт ва импорт контрактлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида бепул рўйхатдан ўтказилмоқда. Банклар, солиқ ҳамда божхона органлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали хўжалик субъектларининг ташқи савдо фаолияти мониторингини олиб бораяпти. Давлат божхона қўмитаси сайтида (www.customs.uz) электрон юк божхона декларациялари қабул қилинмоқда. 2015 йилда давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ишга туширилди ва электрон савдо шакли амалиётга татбиқ этилди. Масофавий банк хизматлари жорий қилиниши билан 2016 йилда бир миллион 847 минг 569 нафар фойдаланувчи ­кредит олиш учун электрон ариза ­билан мурожаат этди.

Рейтинг масъулиятга ундайди

БМТ экспертларининг фикрича, 2016 йилда Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг ривожланиш индекси 0,5434 ёки энг юқори кўрсаткичга нисбатан 54 фоизни ташкил қилди. Бу юртимизнинг электрон ҳукумат равнақи юқори бўлган давлатлар қаторига киришига замин яратди (50 фоиздан юқори).

БМТнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий масалалар бўйича департаменти 2016 йилда дунёнинг турли давлатларида электрон ҳукуматнинг ривожланиши ҳақида навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. БМТ услубиётига биноан Электрон ҳукуматнинг ривожланиши бўйича индекси асосида мамлакатларнинг рейтинги шакллантирилади. Бу индекс учта омил, яъни ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси, инсон капитали ва электрон хизматлар ривожидан иборат. Яна бошқа жуда муҳим кўрсаткич — электрон иштирок этиш индексидаги ўсиш ҳам катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Мазкур индексга биноан, ҳукуматнинг фуқаролар, бизнес субъектлари ҳамда давлат органлари ўртасида мулоқотни ривожлантириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишига баҳо берилади, эришилган натижалар ўрганилади.

Яна бир диққатга сазовор жиҳати, Ўзбекистон электрон иштирок этиш рейтингида 24 поғона — 2014 йилги 71-ўриндан 2016 йилда 47-ўринга кўтарилди. Ушбу индекснинг ўсиш суръатлари бўйича республикамиз Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринни, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида эса учинчи поғонани эгаллади. БМТ экспертлари Ўзбекистонда уй-жой мулкдорлари ширкатлари портали (e-kommunal.uz), очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz) ишга туширилганига эътибор қаратишган. Уларнинг фикрича, бу саъй-ҳаракатлар давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда халқ билан мулоқот амалий механизмларини жорий этиш борасида ижобий қадам ҳисобланади.

Электрон ҳукумат ривожланиши бўйича Ўзбекистон индексининг ўсишида электрон хизматлар кўрсатиш даражаси (56 фоиз ўсиш бўлган) муҳим ўрин тутди. Лекин бунда АКТ инфратузилмаси ривожланиши бўйича ўсиш у даражада юқори бўлмади (6 фоиз). Ушбу индекс муқим ва мобиль телефон алоқаси абонентлари сони, аралаш ҳамда симсиз кенг полосали алоқа тармоғи, шунингдек, интернетдан фойдаланувчи аҳоли сони асосида шакллантирилади. 2016 йилда Ўзбекистонда интернетдан мунтазам фойдаланадиган аҳоли улуши 46,4 фоизни ташкил қилди, кенг полосали интернетдан фойдаланадиганлар сони эса, бор-йўғи, 1 миллион 900 минг кишига яқинни ташкил этди. Инсон капиталининг ривожланган даражаси бўйича индекс эса 3,5 фоиз тушган. Бунда ёши катта кишиларнинг саводхонлиги, аҳолининг таълим тизими билан қамраб олинганлик даражасига алоҳида эътибор қаратилган.

Мутахассислар фикрига кўра, онлайн хизматлар соҳасида бундай ўсишга, асосан, очиқ маълумотлар портали, коммунал хизматларга интернет орқали тўлов имкониятларининг кенгайиши, аҳолига турли онлайн-маслаҳатлар ­бериш ҳисобига эришилган.

Иш самарадорлигини оширишга нима халақит бермоқда?

Электрон ҳукумат фаолияти самарадорлигига идоралараро электрон алоқаларнинг яхлит тизимисиз эришиб бўлмайди. Мамлакатимизда ҳалигача Электрон ҳукуматни ривожлантириш дастури доирасида тегишли ваколатли давлат органларининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, уларга лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим қилишга оид маълумотлар базасини интеграциялаш борасидаги вазифалар тўлиқ рўёбга чиқарилмаган. Ер участкалари ажратиш, қурилишга рухсат бериш, мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича тартиб-таомиллар интерактив асосга ўтказилмаган. “Солиқ”, “Божхона”, “Лицензия”, “Коммунал” ахборот тизимлари мажмуалари “ягона дарча” тамойилининг барча тартиб-таомили ўтиши мумкин бўлган ягона платформага бирлаштирилмаган.

Ҳозирги пайтда ҳар бир идора иш юритиш ҳамда маъмурий тартиб-­таомиллар бўйича алоҳида низом ва йўриқномалар асосида фаолият олиб бормоқда. Афсуски бу ҳолатда кўплаб муаммолар юзага келаётир. Бундай тартиб маълумотларни йиғиш ҳамда қайта ишлашни қийинлаштираяпти, ортиқча бюрократик тўсиқларни юзага келтирмоқда. Айниқса, рухсатнома бериш босқичида мурожаат этувчининг шахсан ҳозир бўлиши ва ҳужжатларнинг асл нусхаларини топшириши (уларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида) зарурлиги давлат хизматларини масофадан туриб кўр­сатиш самарасини йўққа чиқариб юбормоқда.

Бундай интеграциялашмаган ҳолатлар оқибатида такрорлаш, “қисман” автоматлаштириш ҳамда ахборот ресурсларининг ёпиқлиги ҳосил бўлаяпти. Оқибатда ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этиш ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳоли турмуш сифатини оширишга таъсир кўрсатмаяпти. Масалан, “Doing Business — 2016” ҳисоботида “Қурилишга рухсатнома олиш” бўйича Ўзбекистонда 28 кун талаб қиладиган қўшимча 6 та тартиб-­таомил борлиги қайд этилган. Натижада айнан мана шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 2011 йилдагига нисбатан қуйи поғонага пастлаган. Ер участкалари ажратиш ва қурилишга рухсатнома бериш энг мураккаб тартиб-таомиллардан бири бўлиб қолаяпти. Буни тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровлар ҳам тасдиқлайди.

Бугунги кунда респондентларнинг 37,5 фоизи бизнес учун ер олиш ­таомилларини салбий баҳолайди. Бу кайфият Бухорода 50,3 фоизни, Андижонда 48,6, Жиззахда 38,4, Самарқандда 37,7, Наманганда 37,4, Тошкент шаҳрида 38 фоизни ташкил қилади. “Мулкни рўйхатга олиш” йўналишида ҳам мана шундай салбий вазият кўзга яққол ташланади.

Устувор йўналишлар

Айтиш жоизки, электрон ҳукумат фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик тизимидан фойдаланишни кенгайтириш талаб этилади. Шуни унутмаслик керакки, электрон ҳукумат фаолиятида маълумотлар муайян давлат муассасасидан ташқарига чиқади. Бу эса ахборот хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришни кун тартибига қўяди.

Турли идоралар ахборот тизимлари ўртасида электрон ҳамкорликка ўтилиши айнан электрон ҳукуматнинг шаклланиш жараёни саналади. Ушбу жараённинг марказида давлат органи эмас, айнан фойдаланувчи турмоғи лозим.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 2018 — 2021 йилларга мўлжалланган тегишли дастур ишлаб чиқилиши белгиланган. Жорий йилнинг ўзида “Лицензия” портали ишга туширилиши кўзда тутилаяпти, нотариал хизматлар автомат­лаштирилади ҳамда соддалаштирилади. Экспорт-импорт операциялари бўйича рухсат берувчи ҳужжатларни бир хиллаштириш давом эттирилади. Давлат органлари ходимлари ва аҳолининг интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда компьютер саводхонлиги оширилиши бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Қисқаси, бу ва бошқа долзарб вазифаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши давлат хизматлари сони ҳамда сифатини оширади, халқ билан мулоқотни янада янги, юқори босқичга кўтариш имконини беради.

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази материаллари асосида

Қобил ХИДИРОВ тайёрлади.

Мавзуга оид