Жаҳон | 20:21 / 15.03.2017
14226
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Истанбул ва Роттердам ўртасидаги биродарлик битимини бузишга буйруқ берди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат бош вазири Биноли Йилдиримга Истанбул ва Роттердам шаҳарлари ўртасидаги биродарлик битимини бекор қилишга буйруқ берди. Бу ҳақда Hurriyet Daily News хабар қилган.

"Мен бош вазиримизга у Истанбул мэрини Роттердам билан биродарлик битими бир томонлама бузилгани ҳақида хабардор қилиши кераклигини айтдим. Чунки биз энди бундай одамлар билан биродарлик алоқаларини қўллаб-қувватлай олмаймиз", дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирган нашр.

Туркия ва Нидерландия ўртасидаги дипломатик можаро нидерландлар ҳукумати турк вазирларини ўз ҳудудига киритмаганидан кейин юзага келди. Турк вазирлари Нидерландия ҳудудида Туркияда 16 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумдан олдин ташвиқот ўтказмоқчи эди. 

Бу қарорга жавобан Ражаб Тойиб Эрдўған нидерландларни фашистларга тенглаштирди ва бу мамлакат билан муносабатларда энг кескин чоралар кўрилишига ваъда қилди. Кейинроқ Анқара Нидерландия элчисининг ортга қайтишини тақиқлади. Айни вақтда Нидерландиядан дипломатик авиарейслар қабул қилинмаяпти ва Амстердам билан олий даражадаги барча алоқалар тўхтаган.

Мавзуга оид