Оқтўбеда эркак аёлни гаровга олди ва собиқ хотини билан учрашувни талаб қилди
Қозоғистоннинг Оқтўбе шаҳридаги маҳаллий стоматологияда ўтказилган махсус тадбир давомида тиш шифокорини гаровга олган эркак йўқ қилинди. У собиқ хотинини олиб келишларини, акс ҳолда эса асир олган аёлини ўлдириш билан таҳдид қилган, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.
Маълумотларга кўра, бу стоматологияда унинг собиқ рафиқаси ишлаган. Ҳодиса кечки пайт юз бергани сабабли, у ерда мижозлар бўлмаган ҳамда жуда кам сонли ходимлар қолган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг таъкидлашича, махсус тадбир ўтказилган туман ўраб олинган ва ҳаттоки бу ерга вертолёт ҳам қўнган.
Оқтўбе вилояти ички ишлар департаментининг хабар беришича, жиноятчи 1993 йилда туғилган бўлиб, ҳеч қаерда ишламаган ҳамда 2016 йилда ўғирлик учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек қайд этилишича, ҳодисадан 3 соат аввал у собиқ хотинининг ота-онаси уйига келган ҳамда собиқ қайнонасига пичоқ билан жароҳат етказган.
"Оқтўбе вилояти ИИД, Оқтўбе ИИБ ва прокурори жиноятчи билан гаровга олинган аёлни озод этиш бўйича 5 соат музокаралар олиб борди. Бироқ у талабларни бажаришдан бош тортди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, воқеа жойига унинг қариндошлари ҳам келишди ва қизни қўйиб юборишини сўрашди. Жиноятчи бунга жавобан уни ўлдириш билан таҳдид қилди ҳамда собиқ хотинини олиб келишларини талаб қилди. 5 соатлик музокаралар ҳеч қандай натижани бермаганини ҳисобга олиб полиция ходимлари гаровдаги аёлни озод этиш бўйича куч амалиётини ўтказишга қарор қилишди. Эркак ўлдирилди, асирликда ушланган аёл озод этилди", - дея аниқлик киритишди ҳуқуқ-тартибот идорасида.
Ушбу ҳолат бўйича икки модда бўйича судга қадар суриштирув ишлари бошланди.
Мавзуга оид
20:59 / 18.11.2024
Қозоғистонда Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк юк автомобиллари учун ёпилди
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
15:25 / 14.11.2024
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан мингдан ортиқ ўлик тюленлар топилди
21:23 / 13.11.2024