Жамият | 15:13 / 20.03.2017
12672
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятидаги барча коллежларга "турникет" лар ўрнатилмоқда

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Сирдарё вилояти ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда коллеж ўқувчиларини назорат қилиш ва уларнинг ота-оналарида фарзандларининг дарсга қатнашиш давомати ҳамда ўқув кўрсаткичлари тўғрисида маълумот бўлишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳудудида жойлашган барча коллежларга "Инфрақизил аниқлагичли турникет"лар ўрнатилмоқда. 

Ушбу турникетларнинг афзалликлари шундан иборатки, у бир дақиқада 100-120 нафаргача ўқувчиларни рўйхатга олади. Бундан ташқари, 220 волтли электр токига доимий равишда уланишга ҳожат йўқлиги сабаб электр энергияси ва интернет тизими муаммо бўлган жойларда ҳам доимий равишда ишлайди, мунтазам таълим муассасаларига келмаётган ўқувчиларнинг рўйхатини шакллантиради, бегона шахслар ўтганда сигнализация ишлайди ва уни суратга тушириб, компьютер хотирасида сақлайди. Энг асосийси ота-оналарга фарзандларини назорат қилиш учун қулайлик яратади. 

Шу билан бирга, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида “Кўк кит” ва шунга ўхшаш ўйинлар тарқалиши ва ёшларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олиш, шунингдек, ёшларнинг ёт ғояларга кириб кетишларига йўл қўймаслик мақсадида Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси, Сирдарё вилояти Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида жойлашган барча мактаб ва коллежларда ўқувчи ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар қилмоқда.

Мавзуга оид