Трампнинг икки ойлиги: ҳозирча, эски ҳаммом, эски тос
Бугун, 20 март куни АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг ўз вазифасига киришганига 2 ой бўлди. Унинг ҳокимият тепасига келиши Американинг ўзида ҳам, жаҳонда ҳам турли хил қарашларни келтириб чиқарди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида миллиардер ва собиқ шоумен ташқи сиёсат борасида ўзини турлича намоён этди. Бир жиҳатдан у сайловолди ваъдаларининг бир қисмини бажарди, бошқа томондан қатор муаммоларга нисбатан сукут сақламоқда ёки аввалги маъмурият тутган йўлни давом эттирмоқда.
Хусусан, Мексика билан чегарада девор қурилишининг бошланиши, БМТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотларни молиялаш, бошқа мамлакатларга ёрдам беришни қисқартириш шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси рақибларининг уни қамалиб олиш сиёсатида айблашларига асос бўлди.
АҚШнинг ЕИ, Россия билан муносабатларини ўрнатиш истиқболлари ва ИШИДга қарши курашида ноаниқлик кузатилаяпти. Яқин Шарқда терроризмни тезда йўқ қилиш ва Россия билан "келишиб олиш" ваъдаси ҳозирча амалга оширилгани йўқ.
Россия билан муносабатлар
Ҳозирча, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга Ҳамбургда бўлиб ўтадиган G20 саммити доирасида Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг учрашуви аниқлик киритиши мумкинлиги айтилмоқда. Бироқ, мазкур учрашув борасида ҳам аниқ келишувлар мавжуд эмас.
Украинадаги инқирозга барҳам бериш масаласи Вашингтон ва Москва муносабатларида муҳим жиҳатлардан биридир. Трамп сайловолди кампанияси чоғида бу ҳақда унчалик ҳам кўп гапирмаган, мазкур муаммо билан Европа давлатлари шуғулланиши кераклигини айтган эди. Қрим масаласида эса, умуман америкалик сиёсатчиларга хос бўлмаган баёнотлар берган, ҳатто ярим оролни Россияга тегишли эканини тан олиш масаласини кўриб чиқишини айтганди.
Бироқ, буларнинг барчаси тезда барҳам топди ва ҳаммаси "ўз ўрнини эгаллади". Дастлаб, Оқ уй маъмурияти, президент Қримнинг Украина таркибига қайтарилишига умид қилаётгани ҳақида баёнот берган бўлса, кейинчалик, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли Россияни Украинадаги "агрессия" ва "аннексия"да айблади. Март ойи бошида Рекс Тиллерсон украиналик ҳамкасби Павел Климкин билан учрашувидан сўнг, "Россия шарқий Украина ва Қрим бўйича талабларни бажармас экан" РФга қарши санкциялар бекор қилинмаслигини айтди.
Албатта, бунда АҚШдаги ички сиёсий вазият ҳам таъсир кўрсатди. У ерда Трамп ибораси билан айтганда "жодугарлар ови" (Трамп жамоасидаги Россия билан яқин алоқада бўлганларни аниқлаш) бошланди. Шу муносабат билан Америка президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн истеъфога чиқди.
ИШИДга қарши "сир тутилган режа"
АҚШ ташқи сиёсатидаги яна бир муҳим йўналиш – ИШИДга қарши курашишда ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Гарчи, Трамп сайловолди кампанияси чоғида ИШИДни йўқ қилиши борасида бир неча бор баландпарвоз гапларни айтганига қарамай, бу борада амалий чоралар қўлланилганича йўқ. Рақибларининг уни аниқ режаси йўқлиги ҳақидаги айбловларига жавобан, режаси мавжудлигини, аммо сир тутилишини айтганди.
Алалоқибат, Трампнинг ҳеч қандай режаси йўқлиги маълум бўлди. Инаугурациядан сўнг, президент Пентагонга ИШИДга қарши кураш бўйича таклиф бериш кўрсатмасини берди. Шу билан бирга, Оқ уй маъмурияти Яқин Шарқда иккита маҳаллий аҳамиятга молик ишни амалга оширди.
АҚШ узоқ йиллар мобайнида илк маротаба Ямандаги "Ал-Қоида"га қарши ҳарбий амалиёт ўтказди. Оқибатда бир америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бир неча нафари ярадор бўлди. Яна бир вертолёт уриб туширилди. Бундан ташқари, амалиёт чоғида тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлди. Шунга қарамай, Вашингтон махсус амалиёт муваффақиятли бўлганини уқдирмоқда.
Трамп маъмуриятининг яна бир қарори Сурияга 400 нафарга яқин америкалик ҳарбий хизматчиларни сафарбар этиш бўлди. Улар Раққани ИШИДдан озод этишда маҳаллий кучларга ёрдам бериши керак. Шу билан Американинг Сурия араб республикасидаги ҳарбийлари сони 1000 нафарга яқинлашди. Аслида эса, бу Обаманинг эҳтиёткорона сиёсатини давом эттиришдир.
Бундан ташқари, янги маъмурият Суриядаги иттифоқчилари – курдлар ва турклар ўртасидаги зиддиятга барҳам бера олганича йўқ. Турклар ҳам, курдлар ҳам Раққани озод этишда фаол иштирок этишни хоҳламоқда. Бироқ, улар бу амалиётларда бир-бирларининг иштирок этишини истамаяпти. Вашингтон, ўз навбатида, Обама даврида бўлгани каби барча томонлар умумий душман – ИШИДга қарши кураш билан шуғулланиши кераклигини уқдиришда давом этмоқда. Айни чоғда, Пентагон маъмурияти курдлар урушгача бўлган даврда ҳам Раққада истиқомат қилганини, шунга кўра, улар ўз ватанларини озод қилишга ҳақли эканини айтмоқда.
Исроил-Фаластин муаммосини ҳал этиш вақти келди
Дональд Трамп Яқин Шарқдаги бошқа бир муаммо, Фаластин-Исроил масаласи борасида ўз йўналишини аниқроқ белгилаб олди. Президентнинг Исроил давлатига нисбатан илиқ муносабатларидан келиб чиққан ҳолда, кўпчилик унинг Тел-авивни қўллаб-қувватлашини тахмин қилган эди. Бироқ, у мураккаб масалага анчагина бетараф ёндашмоқда.
Аввалги маъмуриятдан фарқли равишда "икки давлат" қоидасини илгари сурмаслигини айтса-да, минтақага тинчлик келтирувчи ҳар қандай таклифни маъқуллашини таъкидлади. Шу билан бир вақтда, АҚШ Тел-авивдаги элчихонасини Қудсга кўчириш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилган Трамп Исроилга қатъий ваъдалар бераётгани йўқ.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Вашингтонга ташрифи чоғида Трамп
Исроил қўрғонлар қуриш масаласида "бироз сабр қилиши керак"лигини билдирди. Нетаньяху бу таклифни ўрганиб чиқишини айтди. Март ойи бошларида, шунингдек, АҚШ раҳбари Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан телефон орқали суҳбат ўтказиб, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида "битимга келиш вақти келган"ини таъкидлади.
Эрон ва КХДР аввалгидек жаҳон учун таҳдид
Қайд этиш жоизки, Эрон ва КХДР Американинг ҳар қандай маъмурияти томонидан асосий халқаро ва миллий таҳдид ҳисоблаб келинган. Бу борада Трамп ҳам бошқа ҳамкасбларидан ажралиб тургани йўқ. Аксинча, у сайловолди кампанияси чоғида Обамани Теҳрон ва Пхеньян маъмуриятларига нисбатан жуда юмшоқ сиёсат юритишда айблаган ҳамда Эрон ядро келишувидан чиқиш билан таҳдид солган эди.
Аммо, вазифасига киришганидан сўнг, президент АҚШнинг битимдан чиқишига доир қадамлар ташламади, аксинча Эроннинг минтақада беқарорликни келтириб чиқарувчи фаолияти ҳақида фикр билдира бошлади, холос.
Вашингтон БМТ резолюцияларига қарамасдан ракета синовларини ўтказаётган КХДРга нисбатан анча фаол сиёсат юрита бошлади. Аввал бошданоқ, Трамп маъмурияти ўзининг минтақадаги иттифоқчилари Жанубий Корея ва Японияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бир қаторда, Оқ уй Москва ҳамда Пекин ҳукуматларидан Пхеньянга кўпроқ босим ўтказишларидан умид қилаётганини айтди. АҚШ, шунингдек, КХДР бўйича бир неча йиллар аввал музлатилган олти томонлама музокараларга қайтиш зарур, деб ҳисобламаслигини қатъий равишда билдирди.
Бироқ, Шимолий Корея муаммоси борасида энг жиддий баёнотни 18 март куни давлат котиби Рекс Тиллерсон айтди, дейиш мумкин. У КХДР ядро дастури ривожланиши туфайли Жанубий Корея ва Японияда ҳам ядро қуроли пайдо бўлиши эҳтимолини рад этмади. Америкаликлар яна минтақадаги икки иттифоқчисини қуроллантиришни ҳам бошлади. Жанубий Кореяда ракеталарга қарши THAAD мажмуаларини жойлаштириш ишларига аллақачон старт берилган. Бу РҚМ тизимларининг жойлаштирилиши Москва ва Пекиннинг жиддий ташвишига сабаб бўляпти. Айни масала борасида давлат котиби Тиллерсон Хитойга ташрифи чоғида баёнот бериб, Корея ярим оролидаги вазият тобора кескинлашиб, хавфли даражага етганини таъкидлади. Пекин томони Америкага "совуққонликни сақлаш"ни тавсия қилди.
Америка ва Европа муносабатлари ноаниқлигича қолмоқда
Оқ уй маъмурияти ташқи сиёсат борасида Европа билан ҳам янгича ёндашишга мажбур бўлмоқда. ЕИ ва НАТОга доир танқидий фикрларни билдирган ҳамда Brexit жараёнини тўла қўллаб-қувватлаган Трамп баёнотлари Европада хавотирларга сабаб бўлди. Шунга кўра, минтақанинг аксар мамлакатлари кутиш позициясини эгаллашди.
Кўпчилик Трамп ва Ангела Меркель учрашувидан сўнг аксар саволларига жавоб топишга умид қилган эди. Бироқ, афтидан, аввалроқ бир-бирини шахсан танимаган ва танқид қилиб келган икки сиёсатчининг биринчи учрашуви танишиш мазмунига эга бўлган кўринади. Президент Трамп Германия канцлери билан қўшма матбуот анжуманида НАТОни қўллаб-қувватлашини айтар экан, орадан бир кун ўтгач, Twitter саҳифасида Германия "НАТО ва АҚШ олдида қарздор", деган фикрни илгари сурди.
Айтиш жоизки, АҚШ ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқалар жуда қалин йўлга қўйилган. Меркелнинг айтишича, ГФР фирмалари АҚШда 750 мингга яқин иш ўрни барпо этган, Германиянинг ўзида юз минглаб ишчилар АҚШ билан ҳамкорликдан манфаатдор. ГФРнинг АҚШ иқтисодиётига бевосита инвестицияси 271 млрд еврога яқин, 2016 йилда Америка Германия учун энг йирик бозор бўлган.
Аммо, таҳлилчилар, айни вақтда Трамп ички муаммоларни ҳал этиш билан кўпроқ банд эканини таъкидламоқдалар. У мамлакатида қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти томонидан жиддий қаршиликка учради. Бундай вазиятда, Трамп ташқи сиёсатда бир неча йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни осонлик билан тез орада ҳал этишини кутмаса ҳам бўлади.