Жамият | 15:59 / 21.03.2017
10207
4 дақиқада ўқилади

Устоз билан самимий суҳбатлар!...

Узоқ кутганимиз, биз соғинган тафтли баҳор фасли ҳам кириб келди. Янгиланиш ва яшариш айёми ҳисобланган ушбу гўзал фаслда биз қўшалоқ шодиёналарни ўзгача шукуҳ ила нишонлаймиз. Айниқса, Наврўз байрами барчамизга бирдек қадрдон! Мазкур байрам ҳақида ошиқча таъриф-тавсифлар келтиришга ҳожат йўқ, менимча. Бу қутлуғ сана яна шуниси билан аҳамиятлики, ўзбек адабиётининг забардаст вакили, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири устоз Абдулла Орипов таваллуд топган кун. 

Ушбу улуғ инсонни нафақат буюк ижодкор, балки бағрикенг, софдил инсон сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Улар билан илк танишувмиз ҳеч қачон ёдимдан кўтарилмаса керак. 2011-йил айни июнь ойларининг илк кунларида “Дўрмон” ижод уйида Андижонлик бир гуруҳ ижодкорлар учун семинар бўлиб ўтган эди. Ўшанда устозим Хуршидабону (Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари) билан бирга уларнинг ҳолидан хабар олгани хонадонларига кирганмиз. Улар мени биринчи маротаба кўраётган бўлсалар-да, гўёки яқинларидек муносабатда бўлиб, шеърларимни иштиёқ билан тинглаганди. Қолаверса, уч кунлик семинар давомида ҳам улар билан самимий мулоқотлар ўтказганмиз. Шу-шу пойтахтга келганимда устознинг ҳузурларига боришга ошиқадиган бўлдим. Ҳар гал улар мени “набира шогирдим” деб, кўтаринки кайфиятда кутиб олар, керакли ўгитлар бериб кузатар эди. 2015-йилнинг июнь ойи охирида уйларида қилган суҳбатимиз анчагина мароқли ўтган эди. Мендан андижонликлар ҳақида, вилоятимиздаги катта бунёдкорлик ишлари, шоир-ёзувчилар аҳволини бир-бир сўраб ўтди. Суҳбатимиз мевалар мавзусига бурилиб, шу гапларни куйиниб айтган эдилар.

- Қара, бу йил баҳор бошқача келиб, кўп дов-дарахтлар ҳаво хорғинлигидан куртаклаган пайтида гуллари тўкилиб кетди. Шуларни ўйлаб, тунов куни шеър қораладим. 

Ўқиб берган шеърларини тўлиқ келтира олмадим. Шеър мазмунида: – “Биз катталарнинг гуноҳимиз кўпдир, хўп, лекин гўдакларнинг ризқида нима айб бор...” деган, мазмун ифода этилганди. Ҳар сафар устоз билан суҳбатлашганимда, биз ёшлар ҳақида қайғураётганлигини, кўп-кўп китоблар ўқишимизни уқтирарди. Ўз навбатида ўша куни мен ҳам янги ёзган шеърларимни ўқиб берганман. Уларга бағишлаган шеъримни тинглаб мамнун оҳангда.

- Ҳа, ҳар доим сизларни дуо қиламан. Келажакларинг порлоқ бўлсин. Яхши илм соҳиби бўлинглар, илоҳим!..

Устоз билан охирги учрашувмиз 2016-йилнинг август ойида бўлиб ўтганди. Соғлиқлари унчалик яхши бўлмасларда, келганимдан анча қувониб, дуо қилган эдилар. Яна келиб туришимни айтиб, ҳамма-ҳаммага саломларини етказишимни айтган эди. 

Бугун устоз Абдулла Орипов орамизда йўқ, бўлсалар-да, уларнинг нодир мероси, ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади. Феврал ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи давомида у кишининг азиз ёдларини абадийлаштириш учун қатор таклифлар билдирганликлари, муҳташам ҳайкаллари барпо этилиши учун керакли топшириқлар берганликларидан бағоятда мамнун бўлдим. Шуниси муҳимки, уларнинг бой ижодий мулки биз ёшларни ўзликни англашга, фалсафийликка, чуқур мушоҳада юритишга чорлайди. Ватанпарварлик, халқ ва юрт дардини ёниб куйлашга ундайверади. 

Қуйида, юқорида айтиб ўтган бағишлов шеъримни ҳавола этаман.

Юксак парвозларга шайлангай қушдай,
Улкан мақсадларни  қўйдим, олдимга.
Бу олис йўллардан бораман, зилдай,
Не-не машаққатлар бордир олдимда.

Майлига қийноқлар ўз ишин қилсин,
Бундай синовларга чўкмагайман тиз.
Мадад бўлажакдир ҳаёт йўлида,
Набира шогирдга “Оқ фотиҳа”нгиз!

Нурилло ТЎХТАСИНОВ,
Алишер Навоий номидаги 
ТошДЎТАУ 1-курс талабаси
 

Мавзуга оид