Ўзбекистон | 09:33 / 22.03.2017
15488
2 дақиқада ўқилади

Андижон ҳокими Новосибирскка борди: “Яшил йўлак” бўйича келишувга эришилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Новосибирск вилоятига ташриф буюрди.

2017 йил 21 март куни Ўзбекистон вакиллари Новосибирск вилояти ҳукумати раиси биринчи ўринбосари Владимир Знатков билан музокаралар ўтказдилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Новосибирск вилояти ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йил натижаларига кўра 1,5 маротаба ошгани ва 48,5 млн долларни ташкил қилгани қайд қилиб ўтилди.  

Томонлар, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболларини кўриб чиқишган.   

Знатков Ўзбекистон ва Новосибирск вилояти ўртасида ишончли ишбилармон, иқтисодий, маданий ва савдо алоқалари йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди. 

Унинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон, жумладан Андижон вилояти билан саноат, тиббиёт ва таълим соҳаларида биргаликда фаол иш олиб борилмоқда. 

Ўз навбатида Шуҳратбек Абдураҳмонов Ўзбекистон делегацияси Новосибирск вилоятига узоқ муддатли шериклик алоқалари, жумладан зарур миқдорда барра ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйиш учун келганини айтган.

Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, бундай маҳсулотларнинг Россия вилоятига етказиб бериш бўйича "яшил йўлак" яратиш бўйича келишувга эришилган. "Яшил йўлак" тартиби фитосанитар, божхона ва бошқа назоратлардан ўтиш учун кетадиган вақтни камайтиришга имкон беради. Шунингдек, томонлар ўртасида озиқ-овқат кўргазмалари, ярмаркалари ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Абдураҳмонов ташриф давомида шунингдек Новосибирск шаҳри мэри Анатолий Локоть билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар Новосибирск ва Ўзбекистон ўртасида савдо, туризм, маданият ва спорт соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилишган.

Локоть Россия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам маданий алоқалар йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.

Абдураҳмонов Россия томонига муниципал бошқарув соҳасида тажриба алмашишни ташкиллаштириш ҳамда туризм ва савдо соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилган.

Мавзуга оид