Жамият | 13:50 / 24.03.2017
57874
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг йирик гуллар боғида баҳорги мавсум очилди

Нидерландиянинг қироллик боғи Кёкенхофда 23 март куни баҳорги мавсум очилди. Бу ҳақда Нидерландиянинг туризм бўйича офиси матбуот хизмати маълум қилди.

Кёкенхоф дунёнинг энг машҳур ва энг йирик гуллар боғи ҳисобланади. Унда 7 млн дан кўпроқ гуллар – лолалар, сунбуллар, наргис гуллар, орхидеялар, атиргуллар, чиннигуллар (гвоздика), гулсапсарлар, лилиялар ва бошқа кўплаб гулларни учратиш мумкин.

Жорий йилда боғ 68-маротаба халқаро гуллар кўргазмасини ўтказади. Унда 100 дан кўпроқ гул етиштирувчи хўжаликлар иштирок этади. Кўргазманинг асосий мавзуси голландча дизайн бўлади. Кўргазма дастуридан гуллардан мозаикалар,  100 дан кўпроқ иш намойиш қилинувчи ҳайкаллар боғи, Oranje Nassau павильонида гуллар шоуси ўрин олган.

Боғ йилда 8 ҳафта ишлайди. Бу вақт ичида унга бутун дунёдан 1 млн га яқин сайёҳ ташриф буюради.

Боғ Амстердам ва Гаага ўртасидаги Лиссе шаҳрида жойлашган. Шунингдек, Европа боғи номи билан маълум. Боғ 32 гектар майдонда жойлашган. Боғдаги гулларнинг 4,5 млн га яқини 100 турдаги лолалардан иборат. 90 хилга яқин дарахт ўсади.

 

Мавзуга оид