Спорт | 12:21 / 26.03.2017
60914
5 дақиқада ўқилади

Мухлис ноласи: «Сурияга қарши ўйин сизга ёққан бўлса, вовуллашга тайёрман»

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичи доирасида Суриядан мағлубиятга учрагач, терма жамоа, бош мураббий ва ўйин борасида турли мақолалар чоп этилди. Tribuna.Uz интернет-нашрида ҳам шундай мақолалардан бири эълон қилинди. Қуйида ушбу мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Терма жамоамиз кўп марта қовун туширган. Ҳар биримиз уни истаганча танқид қилганмиз, сўкканмиз, қайтиб унинг ўйинларини кўрмасликка қасамлар ичганмиз. Лекин қариндош сингари терма жамоа ҳам танланмайди шекилли. Уни қандай бўлса шундайлигича қабул қилишга мажбурсан. Яъни хоҳлайсанми хоҳламайсанми, мақтайсанми сўкасанми барибир, ўйин бошланганда секин телевизор қаршисига чўкасан. Чунки Ўзбекистон ўйнаяпти! Ватан бу ахир! Унинг дарвозасига киритилган битта тўп «Барса»нинг ПСЖдан ўтказиб юборган тўртта тўпидан минг карра оғриқли, Бақоев сингари футболчининг бошидан Эрон дарвозасига киритилган гол Марадона ёки Ван Бастеннинг аср голларидан миллион карра азиз. Демак нима бўлмасин кўникаверарканмиз-да!

Лекин Сурияга қарши ўйин ҳаммасидан ошиб тушгани рост. Сизларни билмадим, лекин очиғи менинг хўрлигим келди. 

Сабабини айтаман: Сурия ҳозир қай аҳволда? Олти йиллик уруш тинкасини қуритган, бирор куни муштдай болалар қурбонлигисиз ўтмаётган, ўқлар ёмғири остида ҳатто битта футбол ўтказишга имконияти қолмаган жафокаш мамлакат... Майли, бу сафар юртимиздаги тинчлик, осмонимиздаги мусаффолик, ҳаммага, айниқса юрт шаъни учун тўп суришни зиммасига олган шоввозларга яратилаётган шароитлар ҳақида гапирмай қўяқолай. Буни мендан яхши биласиз.

Гап бошқа жиҳатда: ўша Сурия терма жамоасида 20 нафар футболчи бўлса, шуниси аниқки бу йигитларнинг орасида давом этаётган урушда у ёки бу томонга хайрихоҳлар бор. Яъни бир жамоада ўйнашса-да, аслида руҳан душман кайфиятида. Лекин энг ғалатиси улар майдонга чиқишганда бир жону бир тан бўлиб кетишди. Ҳаммасининг кўзи чақнаб, ғалабага интилишди. Катта тахмин билан Сурия ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмайди. Эрон, Жанубий Кореяга ўхшаш ТЖлар бизга ўхшаб латталик қилиб ўтиришмайди. Лекин Суриялик йигитлар уларнинг ортида ватан кўз тикиб турганини ҳис қилиб ўйнашди! Ўзларининг ғалабалари қонга ботаётган ватандошларига оз бўлса-да малҳам бўлишига, қувончни унутиб бўлган дилларга шодлик улашишига ишониб тўп суришди!

Бизникиларчи?! Моддий масалаларни ҳал қилиб, ёшлари бир жойга борганда «Мундиал деганиниям бир кўрсам ёмон бўлмасди, ўхшамаса ҳечқиси йўқ, нимани йўқотардим, балки шу ўйинларда Осиёнинг бирор ёғлироқ жамоасига илашиб қолишнинг имкони туғилар», дегандек копток думалатишди. Ҳа, айнан думалатишди! Яхшиямки тўп думалоқ, агар тўртбурчак бўлганда бизнинг футболчиларимиз қимирлата олишмасдиям шекилли...

Албатта, ўтирволиб танқид қилиш осон, дерсиз. Хўш, унда айтинг-чи, шу ўйиндан кўнглим тўлди, деган бирор юртдошимизни кўрдингизми? Сарлавҳани бекорга ёзмадим: агар шу ўйинимизни сидқидилдан мақтаган инсон бўлса, вовуллашга тайёрман. Жуда қўпол туйилди а? Лекин бу шоввозларда озгина ғурур уйғотишнинг бошқа йўлини билсангиз айтинг! Бутун бир халқ, бутун бир миллат адашмас ахир. Шунча одам ёмон ўйнаяпти деса, демак ёмон ўйнадинг, барака топгур! Шунча одам танқид қилдими, ҳеч бўлмаса биттасининг кўнглига қарагин, уйингга копток тўлгур!

Нега 25 йилдирки бир жойда депсинаверамиз?! Нега йиллар ўтгани сайин жаҳон аренасида фақат орқага кетаётганимизни ҳис қилиб яшаймиз?! Ўзбек футболига миллат шаънини ерга уриш, даражамиз билан шарманда қилиш учун пул сарфлаяпмизми ёки?!

Бу борада кўпчилик ҳамкасбларимиз турли таклифлар билдиришди. Кимдир таркибни тубдан янгилаш, ёшларга имкон бериш фикрини илгари сурди, яна кимдир зудлик билан хорижлик уста мураббий жалб қилиш шартлигини билдирди. Мен эса қўлимни ювиб қўлтиққа уриб бўлдим, демак ягона таклифим ҳам шунга яраша:

Ўзимизни шарманда қилмай футболдан буткул воз кеча қолайлик. Майли, истаганлар ўйнайверсин, кичик майдонлар етарли. Лекин профессионал футболни унутайлик! Футболга сарфланган маблағлар бизда ҳамиша сир тутиб келинган. Лекин бу маблағлар миқдори қолган ҳамма спорт турлариникини қўшганда ҳам тош босиб кетишини билиш учун мутахассис бўлиш шартмас. Футболдан ортган пулларга курашни, боксни ривожлантирайлик. Ахир муштдеккина йигитчамиз Ҳасанбой кўзи ёниб олтинни қўлга киритганида йиғламаган, ўзбек эканлигидан ғурурланмаган одам қолдими? Унинг ва бутун жамоанинг ортидан ринг ёнида ҳар бир зарба учун минг ёниб куйган мураббий ким-у Бабаян ким?! Қай бири кўпроқ эъзозда, ўхшатишнинг ўрни бўлмаса-да, қай бири кўпроқ бой?!

Тўғри, барибир бундай қилинмайди... Лекин миллионлар ўйинидаги миллионлар орасида бизга жой йўқ шекилли. Шуниси алам қиляпти...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид