Ўзбекистон | 21:48 / 02.04.2017
100789
6 дақиқада ўқилади

«Хорижга оми одамларни жўнатмаймиз». Миграция агентлиги вакилидан жавоблар

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан 1 апрель куни Жанубий Кореяда ишлаш истагини билдириб рўйхатдан ўтган фуқароларнинг корейс тилидан билимларини синаш мақсадида дастлабки синов ўтказилиши керак эди. 

Синов «Корейс тили бўйича тест саволлар» деб номланган бўлсада Ўзбекистон ва Жаҳон тарихи, адабиёт, география, ҳуқуқшунослик, биология, физика ва кимё каби фанларидан саволлар аралаштирилиб, ўзбек тилида берилиб, жавоб вариантлари эса корейс тилида берилган.

Бу саволлар бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим ҳолатда бўлган ҳамда бундай тестни топширишнинг амалда иложи бўлмаган.

Жанубий Корея - қулфланган диёр. Миграция агентлигининг тўрт кунлик томошаси

Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаётган кишилардан «Сирдарё вилояти аҳолисининг қанча қисми чучук сув ичиши», 1934 йилда Тунисда тузилган «Янги дастур» партияси раҳбари аслида қандай касб эгаси бўлгани, «Мўғул хони Хитойда қачон қайси сулолага асос солганию», «Митти юлдуз» китоби кимники экани, «Ҳалима энам аллалари» шеърий тўплами муаллифи кимлигию, «Чустда қачон қўзғалон бўлгани»дан тортиб, қайсидир Аҳмад қачон вафот этганигача сўралган.

Кун давомида «Кун.uz» таҳририятига тинимсиз телефон қўнғироқлари давом этди, мактублар юборилди ва бу ҳолатни ёритиш сўралди.

Сайт ходими агентлик вакили билан боғланди ва баъзи саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди. 

Агентлик вакили аввалига бугун дам олиш куни эканини рўкач қилиб, гаплашишга рўйхушлик бермади. Ҳолбуки, агентлик 2 апрель куни ҳам сайти орқали тест ўтказишни давом эттириши керак бўлган, аммо бугун агентлик сайти фаолият юритмаяпти.

Агентлик вакили жараёндан бохабарлиги, «Кун.uz» сайтида нашр қилинган «Жанубий Корея - қулфланган диёр. Миграция агентлигининг тўрт кунлик томошаси» ва «Ҳалима энам аллаларидан Аҳмад қачон ўлганигача. Кореяга ишчилар керакми ёки профессорлар?» материалларини ўқиганини билдирди. Лекин у бу мақолалардаги фикрларга қарши бориб, агентлик сиёсатини ёқлашда давом этди.

Ҳалима энам аллаларидан Аҳмад қачон ўлганигача. Кореяга ишчилар керакми ёки профессорлар?

«Биз ахир у ерга омиларни жўнатмаймизку? Ўзингиз ҳам тушунасиз. Ахир биз Кореяга қора ишга юбормаймиз. У ерда замонавий технологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш. Биз жўнатадиган ишчилар заводларга боришади ва малака ошириб, юртимизга қайтишганидан кейин тажрибаларини шу ерда қўллашади», деди суҳбатдош.

Шу ўринда «Бу воситачи агентликми ёки малака ошириб келишга юборадиган дастурми?» саволи туғилади.

Тест саволлари даражасидан унинг ўзи қанчалик хабардорлиги ҳақида сўралганида эса у хотиржамлик билан жавоб қайтарди.

«Саволларнинг барчаси коллежни битирганлар билиши керак бўлган саволлар. Битирувчиларга битирув имтиҳонлари вақтида бериладиган саволлар даражасидаги саволлар», дея дастаклайди агентлик вакили.

Шу ўринда унга бу саволларга ҳатто университет битирувчилари жавоб топа олмаётгани билдирилганида, «Чунки, бу лицей ва коллеж битирувчилари даражасида тузилган саволлар» қабилидаги мантиқдан йироқ жавоб эшитилди.

Ундан бу саволларни ким тузиб бергани сўралди, аниқ жавоб бўлмади. Шу билан бирга у берилган саволлар лицей ва коллежларни битираётганда бериладиган саволларга айнан тўғри келмаслиги, лекин шундай саволларга муқобил сифатида тузилганини қўшимча қилди.

Қарши фикр билдиришда давом этар экан, агентлик вакили «бундай эътирозлар асосан, одамлардан пул йиғиб олиб, уларни Кореяга жўнатишга ёрдамлашадиганлар, хусусан, корейс тили ўқитувчилари томонидан билдирилаётгани, оддий кишилар эса, индамасдан тест ечиши» ҳақида бир-биридан бемулоҳаза фикрларни айтиб ўтди.

Қайд этиш керакки, суҳбат давомида у бугун иш куни эмаслигини рўкач қилиб, тезроқ суҳбатни якунлашга ҳаракат қилди. 

Ундан бугун ҳам тест ўтказилган-ўтказилмагани сўралди. Аввал белгилангани бўйича тест 1-2 апрель кунларида ўтказилиши керак эди. У бундан бехабарлигини яшириб ўтирмади.

«Ўтказилаётган бўлса, ўтказилаётгандир. Шундай ёзилган бўлса, демак ўтказиляпти», кўринишида бўлди унинг жавоби.

Таъкидлаш керакки, бугун тест ўтказилмади ва бу техник носозлик рўй бергани билан изоҳланди.

«Ёниб тургани йўқдир», дея у вазиятни тўла ҳис қилмаётгани, айнан агентлик туғдирган муаммолар ўн минглаб кишиларнинг ҳаётига таъсир кўрсатганига бефарқлигини кўрсатди.

Якунда у эртага расмий маълумотлар берилишини маълум қилиб, гўшакни қўйди.

Юқорида айтилганидек, «Кун.uz» офисига кун давомида ўнлаб қўнғироқлар бўлди. Мурожаат қилувчилар агентлик операторлари билан гаплаша олмаганидан кейин сайтдан ёрдам сўрамоқда. Операторларда эса ҳеч қачон жавоблар топилмаяпти ёки улар фуқароларнинг сўзларини шунчаки ерда қолдиришмоқда.

«Кун.uz» уззуккун мурожаатларни тинглашда ва муаммоларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатишда давом этади.

Мавзуга оид