Ўзбекистон | 19:55 / 03.04.2017
20088
4 дақиқада ўқилади

Бизнесни рўйхатдан ўтказиш энди қулай, ишончли ва тежамкор

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон ҳукумат маркази, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Марказий банки ҳамкорлигида ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида бизнесни рўйхатдан ўтказишга доир янги тизим ишлаб чиқилди.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича янги тизим ПҚ-2646 ва ВМҚ-66 ҳужжатларига мувофиқ 2017 йилнинг 1 апрелидан ишга туширилиб, бунинг натижасида бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш механизми тўлиқ такомиллаштирилди.

Мазкур тизимнинг асосий афзал томонлари шундаки, унда реал вақт режимида ҳам юридик шахс мақомига эга субъектлар, ҳам юридик шахс мақомини олмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ўз бизнесларини очишлари мумкин. Хусусан, саноқли сониялар давомида захирага олинган фирма номларидан кўпи билан 5 тасини 60 кун муддатга танлаш мумкин. Шунингдек, автоматлаштирилган тизим тизимли равишда шакллантирилган таъсис ҳужжатларини олиш, рўйхатдан ўтиш учун давлат божини тўлаш ва гувоҳнома олиш имконини беради.

Қайд этиш лозимки, бу тизим фойдаланувчиларни “1ID” орқали идентификациялаб, сизнинг шахсий маълумотларингиз (паспорт, СТИР, электрон рақамли имзо ва ҳ.к.) текширилади ва керакли тасдиқ олинганидан сўнггина бизнесингизни рўйхатдан ўтказа оласиз. 

Таъкидлаш зарурки, 1ID.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтиш – келажакда барча электрон хизматларда жорий этиладиган ягона идентификациялаш тизимидир. Янги тизим бизнесни Вазирлар Маҳкамасининг 66-сонли қарорида белгиланган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда рўйхатдан ўтказиш имконини беради. Булар - якка тартибдаги тадбиркорлар, МЧЖ, оилавий тадбиркорлар ва ҳ.к.

Яратилган тизимдаги янгиликлардан бири тўлов учун имтиёзлардир. Агар сиз бизнесингизни реал вақт режимида мустақил равишда рўйхатдан ўтказаётган бўлсангиз, белгиланган қийматнинг 50 фоизи тўланади. Тўловлар банклар орқали амалга оширилади, лекин вақтни тежаш учун «UPay» тўлов тизими орқали онлайн тўлаш имконияти ҳам мавжуд.

Муҳими, сиз босқичма-босқич жараён ёрдамида ҳукумат маълумотлар базасида онлайн реестр орқали рўйхатдан ўтасиз. Гувоҳномалар QR-кодлар билан тақдим этилади ва бу тадбиркорлик субъектининг ҳақиқийлиги, мақоми ва барча маълумотларини текшириш имконини беради. Эслатиб ўтамиз, барча амалдаги тадбиркорлик субъектлари янги намунадаги гувоҳнома олиш ҳуқуқига эгалар.

Рўйхатдан ўтишдаги барча босқичлар – даъвогарга оид маълумотни олиш, ташкилий-ҳуқуқий шаклни, фирма номини танлашдан тортиб, то гувоҳнома олишгача бўлган жараён – автоматлаштирилган. Қайд этиш керакки, фаолият турини танлашда Давлат статистика қўмитасининг янги классификатори қўлланилади.

Тизимнинг фарқи шундаки, юридик шахсни ташкил этишда бирдан ортиқ муассис иштирок этган тақдирда, ҳар бир муассис рўйхатдан ўтказилаётган тадбиркорлик субъектининг муассислар таркибига киришга розилигини тасдиқлайди. Бунда, ҳар бир муассисга тасдиқлаш учун электрон хабар юборилади ва муассис унга розилик беради.

Ушбу тизим электрон ҳукумат тизимига тўлақонли интеграллаштирилган бўлиб, турли ташкилотларнинг бошқа ахборот тизимлари ўртасида маълумотлар алмашиш имконини беради. Масалан, мустақил равишда банк ҳисоб рақами очилганида тадбиркорлик субъекти ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлиб, барча зарур маълумотлар автомат равишда Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитасига давлат рўйхатига қўйиш учун юборилади.

Айтиш лозимки, тизим ишга туширилганидан 3 кун ўтибоқ тақдим этилган аризалар сони 885 га етган бўлиб, улардан 709 таси шахсан ташриф ва 176 таси онлайн аризалардир.

Бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими «SSP-MAROQAND» компанияси томонидан яратилган.
 
Дилфуза Рузметова 
ЎзССП ахборот хизмати

Мавзуга оид