Жамият | 11:07 / 03.04.2017
14220
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ер ости чиқинди контейнерлари ўрнатилди

Фото: «Газета.uz»

Навоийдаги кичик туманлардан бирида маиший чиқиндиларни тўплаш учун ер ости контейнерлари тажриба сифатида ўрнатилди, деб хабар бермоқда Газета.uz. Naveco («Навоий» ва «экология» сўзларидан) номли лойиҳа «Бережливость» хусусий ишлаб чиқариш корхонаси ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Металл чиқинди қутилари ер остида 2 метр чуқурликда жойлашган. Устига эшиклари ва белгилари бўлган иккита устун ўрнатилган, уларда озиқ-овқат ва қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида ташлаш ҳақида ёзувлар бор. Чиқинди ташувчи машинага уланадиган механизм 1,5 дақиқада контейнерларни ер юзасига чиқаради ва яна шахтага туширади.

«Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ўтган йилнинг сентябрь ойидаги ташрифи давомида уни ер ости чиқинди контейнерлари макети кўрсатилди, - дея айтиб ўтди корхона директори ўринбосари Арман Бердиев. – Шундан сўнг мамлакат раҳбарияти томонидан минтақа турар жой-коммунал шароитларини яхшилаш бўйича мажмуа тасдиқланди, ундан бизнинг лойиҳа ҳам жой олди».

Naveco лойиҳасини амалга ошириш учун Навоий ҳокимияти учта маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган ва 11 мингдан ортиқ киши истиқомат қилувчи 9-митти туман ҳудудини ажратди. Ер ости чиқинди баклари еттита жойга ўрнатилган. Чиқиндини чиқариб кетиш учун ташувчи машина кредитга олинган. Ишчилар бригадаси ҳар куни ҳудудни айланиб чиқади.

Шунингдек «Бережливость» корхонаси Кармана туманининг «Янгиариқ» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича заводни қуришга киришди. У 6 гектар майдонни эгаллайди. Завод 2018 йил охиригача фойдаланишга топширилади.

Фото: «Газета.uz»
Фото: «Газета.uz»
Фото: «Газета.uz»

 

Мавзуга оид