Жамият | 11:00 / 06.04.2017
39335
5 дақиқада ўқилади

«Ҳеч ким мажбурлаб ўқитувчи қилиб қўймаган». Танқидга учраган тележурналистдан очиқ хат

Блогер ва журналист Беҳзод Қобуловнинг «Сабабларнинг сабаблари»  мақоласида журналист ўқитувчини танқид нишонига айлантирганига эътибор қаратган. Мақолада ҳаракатлари танқид остига олинган, ўзини Санобар дея таништирган журналист сайт таҳририяти орқали муаллифга очиқ хат ёзди. Қуйида унинг муносабати келтирилади.

"Беҳзодбек, сиз қайси касб эгаси эканингизни билмадиму, аммо сайтдаги тумтароқ фикрларингизни ўқиб ажабландим. Доноларимиз "ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир" дейишган. Укам, ҳар қанча зўр бўлсангиз ҳам сал ўйлаб, мулоҳаза билан гапирсангиз бўларди. Майли, кўрсатув юзасидан фикрингиз бор экан, айтинг, лекин "гўл", "меров" каби ҳақоратли сўзлар ишлатманг. Бундай сўзларни ишлатиш қайси маданиятли, ўқимишли кишиларга хос. Ёки сизга шундай ҳуқуқ берилганми? Ўзаро ҳурмат, сизлаб гапириш қон-қонимизга сингиб кетган қадрият, инсоний фазилат эканини ўргатишмаганми? Боз устига танимаган, билмаган одамни ҳақорат қилиш, масаланинг туб моҳиятини билмасдан "ёқалашиш" менталитетимизга тўғри келадими?

Энди сиз бизни "қорага чиқарган" мавзуга келадиган бўлсак, муаллимнинг қадрини ва ҳурматини сиздан яхшироқ биламиз, яхшироқ англаймиз. Ўрни келганида уларни кўкларга кўтарамиз ҳам. Ҳа, фидойи ўқитувчилар ҳам кўп, аммо дарсни қўл учида, шунчаки ўтаётган, ўқувчи тақдирига бефарқлар ҳам йўқ эмас. Бозордаги ёки бошқа бирон корхонадаги эътиборсизликлар унчалик ташвишли эмасдир, аммо ўқитувчининг масъулиятсизлиги инсон тақдири билан боғлиқ. Муаллим болага бир, икки ёки уч кун билим бермасин, у аста-секин ялқов, дангаса, бефарқ бўлиб бораверади. Яқин-яқингача авария ҳолатидаги, том шувоқ қилинган хоналарда ўқитувчи ўқувчига жон-жаҳди билан билим берган. Ўқувчиси бир кун келмаса, уйигача излаб борган, қолоқ ўқувчини аълочига айлантириш учун дарсдан кейин қўшимча машғулот олиб борган. Қани ўша фидойи ўқитувчилар?

Бугун ўқитувчи меҳнати давлатимиз эътиборида. Ойлик маошлар ёмон эмас, қўшимча рағбатлар ҳам бор. Яна бир жиҳати ҳеч ким мажбурий равишда ўқитувчи қилиб қўйилмаган, қанча орзу-ҳаваслар билан ёшларга билим бериш учун бор кучимни сарфлайман деб шундай улуғ касбни танлашган. Шундай экан, бу шарафли касб эгаларини фақат меҳр-шафқатга муносиб кўрсатишга не ҳожат?! Камчилик бўлганидан кейин айтилади-да! Танқиддан тўғри хулоса чиқариш ҳам марднинг иши, уни тузатишга ҳаракат қилиш керак. Биз фидойи деб билган муаллим ўз номига муносиб бўлсин деймиз. Ахир бирники мингга дейишади.

Кўрсатувда тилга олинган мактаб ўқувчиларига келсак, ўша куни мактабда сиз хонангизда ўтириб олиб тахмин қилгандек, ҳеч қандай байрам бўлаётган эмасди. Дарсдан кейин қизлар беллашуви бўлиши керак экан, сизнингча бунинг учун дарс ўтмаган ўқитувчини айбламаслик керакми?! Ахир бир соатлик дарс бир умрлик сабоқ дегани ҳамку?! Қолаверса, ҳеч қандай йиғилиш ҳам бўлаётган эмасди. Ҳали бошланмаган, ҳеч ким келиб улгурмаган "йиғилиш"ни деб дарсга кирмаслик инсофданми? Ваҳоланки, шу куни кимё фанидан 5 соат дарс қўйилган, лекин ўқитувчи ҳеч қайсисига кирмаган. Бу ҳам етмагандек, биология ўқитувчисига ёрдам бераман деб, адабиёт, физика ўқитувчилари ҳам йиғилиш, тадбир бор деб дарсга келмаслиги, бу сизнингча яхшими?

Сиз кўрсатувда биз кўрганларнинг ўндан бирини кўргансиз, холос. Ҳамма гапни ҳам эфирдан айтиб, кўрсатиб бўлмайди. Биз ҳам кеча ёки бугун журналист бўлиб қолмаганмиз, ҳаётнинг паст-у баландини кўриб келяпмиз. Мен мактабда ўқиган кезлар Наврўз ёки бошқа байрамлар шанба ёки якшанба кунларида ўтказиларди, ёки тадбирлар дарслардан кейин ташкил этиларди. Сиз айтгандек "қаққайиб" ўтирмаганман, ўқитувчининг берилиб дарс беришини тинглаганман.

Бугун ҳар бир соҳага танқидий кўз билан қараш, муаммо ва камчиликлар ҳақида айтиш, кўрсатув кун тартибига қўйиляптими, демак, бу давр талаби. Бундан таълим-тарбия жараёни асло мустасно эмас, камчиликлар тилга олингани, бу кимнингдир ерга урилиши эмас, балки хатоликларнинг олдини олиш, сергакликка чорлаш. Битта хато ёки камчиликнинг олди олингани бу ёмонлик аломати эмас.

Четдан писиб гап отмасдан, марҳамат, ойнаи жаҳон орқали чиқиб, ўша ўзингиз айтган сабабларнинг сабабини ёки ҳаётий муаммоларнинг илдизини айтиб чиқинг, биз қойил қолайлик, УКАМ.

«Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!». Журналист ўзига тупурганда

Мавзуга оид